Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Хабарлар

Янги диний-маърифий сайт халқимизга муборак бўлсин!

 
 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Муқаддас динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, аввалам-бор, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси долзарб  масала ҳисобланади. Ислом динига даъват қилиш,  мусулмон киши ўзининг ҳаёти ва хатти-ҳаракати билан ўрнак бўлиши, Исломга нисбатан ижобий муносабатни шакллантириш, уни гўзал тарзда тақдим этиш, одамларни унга қизиқтириш, Исломни жамиятда илгари суриш динда тарғиб этилган амаллардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

ادْعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ ۖ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ ۚ

Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар билан гўзал услубда мунозара қил (“Наҳл” сураси,125-оят).

Демак, тоқати етган даражада Аллоҳнинг йўлига чақириш ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги амаллардан ҳисобланар экан. Динимиз софлигини асраш, халқимизга зиё ва маърифат тарқатиш, тинч ва осуда дамларимизга шукроналик ҳисси билан яшашга ундаш йўлида ўз меҳнат ва билим ҳамда тажрибаларини сарфлаб келаётган имом хатибларимиз дин тарғиботчиси, шариат пешвоси ҳисобланишади. Самарқанд шаҳрида фаолият юритиб келаётган имом-хатиб, имом ноиб ва барча диний соҳа вакиллари бугун яна бир хайрли ишни йўлга қўймоқдалар. Замонавий ахборот технологиялари ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган,  бирор-бир хабарни дунёга ёйишда ёки керакли саволларга жавоб топишда, бир сўз билан айтганда, ахборотга бўлган эҳтиёжни қондиришда интернет энг асосий хизматчига айланаётганлиги эътибридан Самарқанд шаҳар имом хатибларининг янги “Savad-ul-azam.uz” номли диний-маърифий веб-сайти иш бошламоқда. Сайт халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, халқига, Ватанига садоқат руҳида тарбиялаш йўлида фаолият юритади. Шунингдек, Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, Ҳанафийлик таълимотини тарғиб қилишдан иборат. Сайтда муҳим аҳамиятга молик турли хил бўлим ва рукнлар бор. Хусусан, Ақийда, Қуръон, Ҳадис, Фиқҳ, Сийрат каби рукнлар, Шунингдек Янгиликлар, Сўнгги мақолалар, Ота-онани эъзозлаш ва Муслималарга оид саҳифалар ҳам ўрин олган. Яна бир жиҳати – унда Самарқанд вақти бўйича намоз вақтларининг акс этиб туришидир.

Аллоҳ таоло ушбу манба орқали ислом дини таълимотининг кенг ёйилишини, халқимизнинг муборак динимиз таълимотига бўлган эҳтиёжларини ҳосил қилишда муносиб мураббий бўлишини насиб қилсин ва уни бардавом қилсин. Ҳамда ўзининг илмий, маърифий мақола, видео ва овозли материаллари билан яхшиликка даъват ва тарғибот этишда иштирок этувчиларга Аллоҳ улкан ажру мукофотлар ато этсин!

Халқимизга динмий маърифат улашувчи манба муборак бўлсин!

 

Зафар МАҲМУДОВ - Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 26/01/2021 11:43;   Кўрилганлиги: 465
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/press/news/yangi-diniy-marifiy-sayt-xalqimizga-muborak-bolsin
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 10:09