Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Хабарлар

ИСЛОМ ОЛАМИ ОҒИР ЖУДОЛИККА УЧРАДИ

 
 

Шайх Муҳаммад Али Собуний вафот этдилар. Шайх Муҳаммад Али ибн Жамил Собуний ҳазратлари 1930 мелодий сана Суриянинг илм ва уламолари билан машҳур бўлмиш шаҳри Ҳалабда, диндор, олим оиласида дунёга келдилар. Оталари ҳам Ҳалаб шаҳрининг буюк олимларидан эдилар.

Шайх ҳазратлари арабий илмлар, фароиз ва диний илмларни оталаридан таълим олдилар. Қуръони каримни эса мактабда ёд олишни бошлаб, санавий босқичда тўла ёд олиб битирдилар.

Шайх жанобларини ақлларини танишлари биланоқ Суриянинг катта олимларидан сабоқ олиб, илмга муҳаббат руҳида улғайдилар.

Энг кўзга кўринган устозларидан:

1) Фазилатли шайх Муҳаммад Нажиб Сирож

2) Фазилатли шайх Аҳмад аш-Шаммоъ

3) Фазилатли шайх Муҳаммад Саид Идлабий

4) Фазилатли шайх Роғиб ат-Таббох

5) Фазилатли шайх Муҳаммад Нажиб Хиёта (Қорилар шайхи)

Булардан ташқари баъзи устозларнинг масжиди ва уйига ҳам қатнаб, дарс олганлар.

Шайх Муҳаммад Али Собуний ҳазратлари тартибли дарсни ҳукумат мактабларидан бошладилар. Бошланғич мактабнинг дипломини қўлга киритгач, «Эъдодийя» босқичига, ундан кейин тижоратга ихтисослашган «Санавийя» босқичига ўқишга кирдилар. Мазкур босқичда бир йил ўқигач, у ерда судхўрликка йўналтирилган банк муомалаларини ўргатгани учун у ерни тарк этиб, шаръий санавийя босқичига ўтдилар. У Ҳалаб шаҳридаги Хусравийя номли ўқиш даргоҳи эди. У ер маориф вазирлигига қарашли бўлиб, дарслар икки томонлама ўргатилар эди. Яъни, шаръий илмлар ва кавний (коинотга тааллуқли) илмлар эди. Шаръий моддалардан тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, фароиз ва бунга қўшимча равишда кимё, физика, алгебра, геометрия, тарих, география ва инглиз тиллари ҳам ўргатилар эди. 1949 йили мазкур шаръий санавий босқичини битирдилар.

Санавий босқични аъло баҳога битирганларидан кейин Сурия вақф вазирлиги ўз ҳисобидан Қоҳирадаги Азҳари шариф университетига ўқишга жўнатди.

952 йили олий баҳолар билан шариат факультети дипломини қўлга киритдилар.

1954 йили мутахассислик ўқишини тамомлаб, Азҳари шарифнинг «Халқаро шаръий суд мутахассислиги» дипломини олий баҳолар билан қўлга киритдилар. Бу диплом ўша пайтлардаги энг олий диплом ҳисобланган. У ҳозирги пайтдаги докторлик дипломи билан баробар турган.

Мисрда ўқишни тамомлагач, ватанлари Сурияга қайтиб келдилар.

1955 йилдан 1962 йилгача саккиз йил мобайнида, Ҳалабдаги санавий мактабида «Исломий маданият» моддасидан дарс бердилар.

Шайх ҳазратларини Суриянинг таълим вазирлиги томонидан Саудия Арабистони мамлакатига шартнома асосида Маккаи Мукаррамадаги университетнинг тарбия, Исломий фанлар, шариат факультетига дарс бериш учун юборилди. Шайх ҳазратлари юборилганларга бошлиқ бўлиб бордилар. Ўша ерда 28 йил дарс бердилар. Бу узоқ муддатда қўлларидан университетнинг ҳозирги катта устозлари ҳам битириб чиқишди.

Бу кишидаги илмий баҳс ва таълиф этишга бўлган рағбатни кўрган «Уммул қуро» университети раҳбарлари баъзи Исломий қўлёзма китобларни тадқиқ этиш вазифасини юклади. Бутун дунёда якка бўлган, иккинчи нусхаси топилмайдиган ўта нодир қўлёзма, имом Абу Жаъфар Наҳҳос қаламига мансуб «Маъонил Қуръон» номли тафсирни мукаммал тарзда олти жузда тадқиқ қилдилар. У китоб Маккаи Мукаррамадаги «Уммул қуро» университети номидан, мазкур университет қошидаги «Илмий баҳс маркази» ва «Исломий меросни тирилтириш» нашриётида чоп этилди.

Мударрислик вазифасидан кейин шайх ҳазратлари Бутун Ислом олами робитаси ташкилоти қошидаги «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» ҳайъатида маслаҳатчи вазифасида ишладилар. Таълиф ва илмий баҳсни бошлашдан олдин бир неча йил ана шу вазифада қолдилар.


Киритилган вақти: 23/03/2021 10:03;   Кўрилганлиги: 95
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/press/news/islom-olami-ogir-judolikka-uchradi
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 18:02