Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Оқимлар

Мазҳабга эргашмасликнинг зарарлари ва унинг ёмон оқибатлари ҳақида. 3- қисм

 
 

Саҳоба ва тобеъийларнинг даврида мужтаҳид бўлмаган кишилар ўзлари билмаган масалаларни мужтаҳид бўлган саҳоба ва тобеъийлардан сўрашар эдилар. Мазкур мужтаҳид саҳоба ва тобеъийлар сўровчиларга ҳеч қандай инкор қилмай жавоб берар эдилар. Агар ҳаммага ижтиҳод қилиш лозим бўлганда, сўровчилар савол бермас ва сўралганлар уларга “Ўзингиз ижтиҳод қилинглар”, деб айтар эдилар. Чунки саҳобаларнинг ичида мужтаҳид муфтий бўлганлари бор эди. Улар бошқа саҳобаларга нисбатан камроқ эди. Саҳобалар ичида фатво сўрайдиган, тақлид қиладиганлари ҳам кўпчиликни ташкил қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динини билмайдиган жойларга фақиҳ саҳобаларини юборар эди. Мисол учун Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборган эдилар. Ушбу ҳолат ижтиҳодга илми ва қурби етмаган шахс мужтаҳидга тақлид қилиши кераклигига яққол далилдир.

Сўнгги асрдаги кўзга кўринган фиқҳий ўзгаришлардан энг эътиборлиси Ислом Фиқҳи Академиялари бўлди. Авваллари фиқҳ шахсий уриниш, ўқув юртлари, маҳаллий фиқҳий муассасалар савиясида бўлар эди. Ҳар тараф ўз имконига ва ўзидаги илмга қараб ҳаракат қилар эди. Замон ўзгариши, ҳаёт кечиришнинг мураккаблашиши, фан ва техниканинг тараққиёти каби омиллар ўзига яраша муносабатни тақозо қила бошлади. Энди дунёда бўлаётган ўзгаришларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб боришларини талаб қиларди.

Юзага келган вазиятга жавоб ўлароқ Ислом Фиқҳи Академиялари тузила бошлади. Бу илмий муассасаларга кўзга кўринган фақиҳлар аъзо бўлдилар. Ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўйича Академия идораси аъзоларга аввалдан хабар беради. Аъзолар белгиланган муддатгача ўша масалани яхшилаб ўрганадилар. Ўзларидан илтимос қилинган мавзуларда илмий ишлар ёзадилар. Кейин Академиянинг умумий мажлисида мазкур масала муҳокама қилинади. Академиянинг мажлисига кўрилаётган масала бўйича мутахассис олимлар ҳам таклиф қилинади. Улар ўз мутахассисликлари асосида маълумотлар тақдим қиладилар ва Академия аъзоларининг саволларига жавоб берадилар. Узоқ ва аниқлик билан давом этган мажлислардан сўнг таҳлил қилинган масала бўйича Академиянинг бу борадаги қарори лойиҳаси муҳокамага ва овозга қўйилади. Кўпчилик овоз ила қарор қабул қилинади. Баъзи Академиялар қарши овоз берганларнинг фикрини ҳам эълон қилади. Шу тарийқа, замонамизда ўртага чиққан кўплаб муаммолар шариат таълимотлари асосида ҳал қилиниши йўлга қўйилди ва мусулмонларнинг таҳсинига сазовор бўлди. Ҳозирда халқаро исломий ташкилотлар, давлатлар, вазирликлар, ширкатлар, турли муассасалар ва шахслар ўзлари ҳал қила олмаган фиқҳий масалаларни ечишда Ислом Фиқҳи Академияларига мурожаат қилишмоқда ва керакли ечимларни олишмоқда. Баъзи бир уламолар кейинги пайтларда якка шахслар ижтиҳод даражасига етиши имконсиз бўлса ҳам, жамоавий ижтиҳод имкони борлигини худди шу Ислом Фиқҳи Академиялари фаолиятидан олиб айтмоқдалар.

Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки, бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Лекин бир икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз”, дейдилар. Агар қудрати етмайдиган кишини ижтиҳод қилишга амр этилса, уни қудрати етмаган ишга таклиф қилинган бўлади. Шариатда эса, бундай қилиш жоиз эмас. Зотан, Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида айтади:

لاَ يُكَلِّفُ اللّهُ نَفْسًا إِلاَّ وُسْعَهَا

“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас” ( Бақара сураси, 286–оят).

Мужтаҳид бўлиш учун керакли илмларни талаб қилиш узоқ вақт давом этади. Агар барча одамлар бу иш билан машғул бўлсалар, яшаш учун зарур бўлган бошқа ишларни ким қилади? Ҳамманинг иттифоқига сазовор бўлган катта мажтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас, деган гапга жавоб қуйидагича.


Киритилган вақти: 03/04/2021 11:00;   Кўрилганлиги: 81
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/movements/mazhabga-ergashmaslikning-zararlari-va-uning-yomon-oqibatlari-haqida-3-qism
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 08:52