Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Оқимлар

Бесуннатлар («қуръоний»лар) фитнасидан огоҳ бўлинг! (2- қисм)

 
 

Бесуннатлар тоифасининг асосчилари муътазилийлар, қадарийлар ва ғарб-юнон фалсафасидан ниҳоятда қаттиқ таъсирланган кишилар бўлганлар. Инсон ўз ақлига ортиқ даражада эрк бериб юборса, гоҳида адашиб, залолатга кетиб қолиши бор нарса. Чунки, бундай катта оламда, сонсиз саноқсиз махлуқоту мавжудотлар ва ҳодисотлар мавжлари бир-бирига уришган тубсиз денгизда Ваҳий нуридан фойдаланмаган киши ҳайратга юз тутиб, тўғри йўлдан адашиб кетиши ҳеч гап эмас.

Ҳамма нарсага аввал шубҳа билан ёндашиб, ақли шубҳаларни енгиб, қониқиш ҳосил қилсагина ишониш керак деган фикр ўта хатарли фикрдир. Инсон ўз ақлини Ҳақиқат устидан ҳукмрон қилиши аслида ақлсизликдир. Негаки, Ҳақиқат битта, ақл ва онглар эса сон-саноқсиздир. Кимнингдир ақли тасдиқлаган нарсани бошқанинг ақли кўтармаслиги мумкин. Бесуннатлар тоифасининг бошчилари ҳам шубҳа ва гумонларга берилиши оқибатида кўп залолатларга тамал тоши қўйиб кетганлар.
Ҳа, бу тоифанинг бошида аслида шайтон турган. Шайтон мўмин қалбига доим шубҳа ва гумонлар солади. Мазкур шайтоний тоифа чиндан ҳам шайтонга мансублигини қуйида келтириладиган сўзлардан билиб олиш ҳам мумкин. Абдуллоҳ Жакарулвий Покистонда ҳадис фанидан сабоқ берувчи кишилардан бўлган. Аммо, кўплаб ҳадислар борасида қалбига шубҳа оралагач, барча ҳадисларни инкор қилиш керак, деган фикрга келган.
Ғулом Аҳмад Парвез ҳам шу сўзлардан таъсирланиб юрарди, кейинчалик у ҳам шубҳа ва гумонлар ғолиб келгач, бесуннатлар тоифасига ўтиб олди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ҳикоя қилади: «бир куни тафсир китобларини ўқиб ўтиргандим Аллоҳ таолонинг: «эй мўминлар, сизлар (ўз Пайғамбарингиз Муҳаммадга нисбатан Бани Исроил қавмидан бўлган) Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас, Аллоҳ уни улар айтган айблардан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди«—деган сўзини ўқиб қолдим. (Аҳзоб сураси, 69-оят).

Лекин, ушбу оят тафсирида Абу Ҳурайрадан Бухорий ва Темизийлар ривоят қилмиш Бани Исроилнинг Мусони песликда айблашлари, тошнинг унинг либослари билан қочиши ва Мусонинг ўз ҳассаси билан тошни уриши ҳақидаги ҳадисларни ўқигач, қалбим титраб кетди, турли ўй-фикрлар ўз оғушига олди ва қалбимга шубҳа кетидан шубҳалар оқиб кела бошлади». Ундан сўнг, Ғулом Аҳмад ўз ботил фикрларини ўзи таъсис этган «тулуъ ал-ислом» (Исломнинг порлаши) номли журнал орқали Ҳиндистонда ёя бошлади (қаранг: Доктор Маҳмуд Муҳаммад Мазруъа. «Набавий суннат борасида «Қуръоний»лар қўзғаган шубҳалар».).
Бесуннатлар Қуръони каримдан бошқасини эътироф этмасликлари ҳақидаги ўз даъволарига қарши иш қиладилар. Зеро, кўплаб оятларда Аллоҳ таолога ва Пайғамбарга итоат қилиш буюрилади. «Аллоҳга итоат қилингиз, Расулга итоат қилингиз ҳамда ўзингиздан бўлган бошлиқларингизга бўйсунингиз!» (Нисо сураси: 59-оят).
Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳга итоат ва Пайғамбарга итоат ажратиб айтилмоқда. Агар набавий ҳадисларнинг ҳеч қандай аҳамияти бўлмаса, алоҳида қилиб, «Расулга итоат қилингиз!» демаган бўларди Аллоҳ. Агар, ҳадис шарифларнинг аҳамияти бўлмаса, Пайғамбар юборишнинг ҳам маъноси қолмасди. Аллоҳ бирор пайғамбарсиз ҳам Ўз каломини инсонларга ўзи хоҳлаган йўсинда етказиб қўйишга қодир эди. Лекин, шундай қилмади. Балки, пайғамбар юбориб, «кимки, Пайғамбарга итоат қилса, демакки, Аллоҳга итоат қилибди» (Нисо сураси: 80-оят), деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «огоҳ бўлинг, Менга Қуръон берилди ва У билан бирга унинг мислидек илм берилди» (Абу Довуд ривояти), дея марҳамат қилганлар.
Уламоларимиз Пайғамбаримизга ато этилган «Қуръоннинг мислича бўлган нарса»ни тиловат қилинмайдиган ботиний илм эканлигини айтадилар.
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 7-оятида шундай марҳамат қилади (маъноси): «Пайғамбар сизларга берган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсалардан қайтинглар!».
Ушбу ва шу маънодаги кўплаб ояти карималар Пайғамбарнинг оғзидан чиқувчи сўз, ўгит ва буйруқлар, унинг сийрати ва қилган ишлари шаръий ҳужжат эканлигига далилдир.


Киритилган вақти: 19/04/2021 12:56;   Кўрилганлиги: 63
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/movements/besunnatlar-quroniylar-fitnasidan-ogoh-boling-2-qism
Чоп этилган вақт: 30/11/2021 06:07