Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

ШАЙТОН ВАСВАСАСИ
 
 

ШАЙТОН ВАСВАСАСИ

САВОЛ: – Инсон қалбини шайтон васваса қилиб турли ишларга, ҳаром ўйлаш ёки сўзлашга ундаса, бундай вазиятлардан қандай чиқиб кетиш мумкин?

ЖАВОБ: – Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аввало бундай вазиятларга тушмасликка ҳаракат қилиш лозим. Бунинг учун иймон-эътиқодда мустаҳкам ва ибодатда собитқадам бўлиш керак. Мана шундай ҳолатда инсон шайтондан ва унинг васвасасидан узоқда бўлади. Баъзи бир ҳолатларда бу каби хаёллар келиб қолса, дарҳол: «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни кўп-кўп айтиш керак. «Астағфируллоҳ» деб айтиб, таҳорат олиб икки ракат намоз ўқиб қўйиш керак. Мана шу нарсалар амалий равишда шайтон васвасасидан узоқлашишга олиб борадиган ишлар.

Энг муҳими, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсадан хабардор Зот эканлиги, қалблардаги бўлиб турган нарсаларни ҳам билиб турувчи Зот эканлигини эсда тутиш керак.
Ибодатга ихлос қилиб, берилиб бораётган пайтда ҳам кўпчиликда васваса ҳолати пайдо бўлади. Бунда турли бўлмағур фикрлар хаёлга келади. Ҳатто иймон ва эътиқоднинг фойдаси борми ўзи, деган фикрларгача бориши мумкин. Ана шу пайтда инсон ниҳоятда оғир ҳолатга тушиб қолади. Чунки аввал ўзи эътиқод қилиб, ишониб, қўлдан келганича ибодат қилди. Энди хаёлига бутунлай тескари, инсон ўйлаганда ларзага тушиб кетадиган ўйлар келади. Буни қандай тушуниш керак дейилса, ҳадисда айтилганидай «Бу – иймон ҳақиқатининг бошланиши».

Буни тасаввуф уламолари шарҳлаб айтишадики, шайтон инсонга бўлган муносабатда уларни учга бўлади.
Биринчиси – шайтоннинг йўлига юрган, унга оғайни бўлиб қолган кишилар. Уларни васваса қилишнинг ҳожати ҳам йўқ. Чунки улар шайтоннинг измидаги шахслар.
Иккинчиси – иймонда, ибодатда, тақво бобида маълум бир даражага етган, қалблари покланган, шайтон васвасаси уларга мутлақо таъсир этмайдиган даражадаги кишилар. Шайтон улардан умидини узган.
Учинчиси эса – қалби покланиб бораётган кишилардир. Шайтон уларга васваса солади. Чунки шайтон буларнинг қалби поклар гуруҳига қўшилиб қолишини хоҳламайди. Шундай ҳолатга тушиб қолган кишилар яхши билишлари керакки, бу иймон-эътиқод аломатидир. Шайтон ўзининг измидан чиқиб, тўғри йўлга бутунлай кириб қолишингиздан хавфлангани учун типирчилаб қолган пайтидир. Шу пайтда яна ҳам ибодатни кучайтириб, иймонни мустаҳкамлаб бироз давом эттирилса, шайтон васвасаси иншааллоҳ мутлақо йўқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ


Охирги ўзгариш вақти: 06/02/2021 14:32;   Кўрилганлиги: 102
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/fatwah/shayton-vasvasasi
Чоп этилган вақт: 02/12/2021 20:50