Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

ФИТР САДАҚАСИ ҚАНДАЙ АДО ҚИЛИНАДИ?
 
 

САВОЛ: Фитр садақаси қандай адо қилинади?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фитр садақаси – фақирларга ғамхўрлик, уларга ҳайит кунини хурсандчилик билан ўтказишлари учун кўмакдир. Уни берганлар учун эса – Рамазонда йўл қўйилган баъзи камчиликларга каффоратдир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини рўзадорга беҳуда ишлар ва ёмон сўзлардан покланиш бўлиши ҳамда мискинлар учун егулик бўлиши учун буюрдилар” (Абу Довуд ривоятлари).

Фитр садақаси нисоб миқдоридаги мол-мулкка эга ҳур ва мусулмон бўлган кишилар ҳайит тонгида адо этишлари вожибдир. Ана шу миқдордаги мулкка эга киши фитр садақасини ўзи ва ёш болаларидан бериши вожиб. Балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.

Фитр садақасининг вожиб бўлиш вақти ҳайит куни тонг отиш пайтидир. Шунинг учун, ҳайит кечаси туғилган чақалоқдан ҳам фитр садақа бериш вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун фитр садақаси вожиб бўлмайди.

Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини одамлар намозга чиқмасдан олдин беришни буюрдилар”.

Аммо бу вақтдан олдин, масалан, Рамазон кириши билан берса ҳам бўлади. Лекин намозга чиқишдан олдин бериш мустаҳабдир. Фитр садақаси вожиб бўлиб, уни беролмай қолган киши зиммасидан соқит бўлмайди.

Фитр садақаси: буғдой, буғдой уни ёки ёрмасидан ё майиздан ёки хурмо ё арпадан берилади. Буғдой ё унинг уни ёки ёрмасидан ва майиздан ярим соъ (тахминан 2 кг.), арпа ва хурмодан бир соъ (4кг)дир. Мазкур нарсаларнинг бирортасининг қийматини ҳам берса бўлади.

Фитр садақаси закотга ҳақдор бўлган кишиларга берилади.

(“Ҳидоя”, “Ал-Мухтор”, “Мухтасарул виқоя”, “Фатҳу бобил иноя”, “Ал-мухтасар фил фиқҳил ҳанафий”).
Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.


Киритилган вақти: 12/04/2021 10:43;   Кўрилганлиги: 80
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/fatwah/fitr-sadaqasi-qanday-ado-qilinadi
Чоп этилган вақт: 02/12/2021 20:18