Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Қуръон оятлари

Огоҳ бўлинглар, дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир!

 
 

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ أَنفِقُوا مِمَّا رَزَقَكُمْ اللَّهُ قَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لِلَّذِينَ آمَنُوا أَنُطْعِمُ مَن لَّوْ يَشَاء اللَّهُ أَطْعَمَهُ إِنْ أَنتُمْ إِلَّا فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Уларга: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилинглар”, — дейилса, кофир бўлган кимсалар имон келтирган зотларга (истеҳзо билан): “Аллоҳ хоҳласа, Ўзи таом берадиганларни бизлар таомлантирамизми?! Сизлар очиқ ойдин залолатдасиз”, дейишади”. (Ёсин сураси. 47- оят)

Шарҳ: Ризқни ҳаммага – кофирга ҳам, мўминга ҳам, яхшига-ю ёмонга ҳам, каттага- юкичикка ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Ризқ топишга имконият ва қобилият беради, ризқ йўлларини очиб қўяди.

Мусулмон банда ўзига Аллоҳ таоло берган ризқдан Унинг йўлида эҳсон – нафақа қилиб туради. Кофирлар эса бахиллик қилиб, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилишдан бош тортишади. Агар уларга “Сизлар ҳам ўзларингизга ато этилган нарсалардан эҳсон қилиб туринглар” дейилса, “Аллоҳ хоҳлаганларига таом берса ҳам бизлар уларга эҳсон қиламизми?” деб шаккоклик қилишади. Ҳатто насиҳат қилган мўминларни залолатда юрганликда айблашади. Мол – дунё жуда катта  офатдир, қийин имтиҳондир. Агар мол – дунё ҳалол йўллар орқали мўминнинг қўлига тушса буни Аллоҳнинг бир синови сифатида қабул қилиб, уни ўз жойига сарфлайди, яъни оиласининг нафақасидан ортганини садақа ва эҳсон қилади, молининг закотини беради, муҳтожларга хайрия учун ажратади, бундан бошқа Аллоҳ буюрган савобли ишларга харжлайди. Аммо иймони суст ёки иймонсиз кимса бойлик кетидан зир югуради, ҳаром мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини ҳирс пардаси қоплаб, ҳеч нарсани: атрофдаги муҳтожларни ҳам кўрмайди, пул кўйида ҳаромдан ва зулмдан ҳам қайтмайди, ўғирликдану пора олиш – беришдан ҳам жирканмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Охират роҳати олдида дунёнинг роҳати худди сизлардан бирингиз бармоғини денгизга суққанда бирга илашиб чиққан сув қанча бўлса, шу миқдордадир”, дедилар (Муслим ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар, дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас”, дедилар (Термизий ривояти). Умавий халифалардан бири Макка ҳарамида улуғ бир олим билан учрашиб қолди. Халифа: “Бирор ҳожатинг бўлса сўрагин”, деди. Шунда олим: “Аллоҳга қасам, Аллоҳнинг уйида туриб Аллоҳдан бошқасидан сўрашдан ҳаё қиламан, Аллоҳдан бошқасидан сўраш ўта маҳол нарса”, деди. Олим: “Эгасидан сўраган нарсамни эгаси бўлмагандан сўрайманми?” деди. Халифа яна: “Эҳтиёжинг бўлса сўра”, деди. Оли: “Дўзахдан қутқариб, мени жаннатга кирит”, деди. Халифа: “Бундай шартни бажаришга қодир эмасман”, деди. Шунда олим: “Ундай бўлса сенда ҳожатим йўқ”, деб жавоб берди.

“Тафсири Ирфон” китобидан.


Киритилган вақти: 03/02/2021 12:13;   Кўрилганлиги: 112
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/ayahs/ogoh-bolinglar-dunyo-va-undagi-narsalar-lanatlangandir
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 09:39