Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Қуръон оятлари

Одамлар учун ҳисоб-китоб онлари яқинлашиб қолди…

 
 

اقْتَرَبَ لِلنَّاسِ حِسَابُهُمْ وَهُمْ فِي غَفْلَةٍ مَّعْرِضُونَ

«Одамларнинг ҳисоб-китоб онлари (қиёмат қойим) яқинлашиб қолди, улар эса, ғафлатда қолиб, (тоат-ибодат ва яхши амаллардан) юз ўгириб турибдилар». (Анбиё сураси 1- оят)

Бу ояти каримада, инсонлар охиратни, унда бўладиган ҳисоб-китобни унутиб қўйиб, у кунда бўладиган савол-жавобни, жазо ёки мукофот тайин бўлишини эсдан чиқараёзгани уқтирилади.
Агар, теран назар билан қарасак, манзара ҳақиқатан ҳам шундайдир. Одамлар (ҳаммаси ҳам эмасдир балки) бир-бирини алдаган, бир-бирининг ҳаққини еган, тарозидан урган, ғийбат, туҳмат, бўхтон, фирибгарлик, зўравонлик, ўғирлик, зино қилган, тоат-ибодатни, яхшилик-эзгуликни, хайр-садақани деярли унутган.
Аслида қандай бўлиши керак? Аслида, ҳар бир одам, ҳар бир инсон, аввало Аллоҳнинг бандаси эканлигини, бу қисқа умр ўткинчи ва ғанимат эканлигини, охират ҳақ ва унга тайёргарлик кўриш кераклигини эсдан чиқармаслиги лозим. Бу иш тоат-ибодатни, яхшилик-эзгуликни кўпайтириш билан бўлади. Аллоҳ берган, бераётган неъматлардан эҳтиёжманд оилаларга, қавми-қариндошга, қўни-қўшни, маҳалладошга хайр-эҳсон қилиб туриш айни муддаодир. Бунинг учун, одам албатта бой бўлиши, мол-дунёси кўп бўлиши шарт эмас. Топган-тутгани кам одам камроқ, кўп бўлса, кўпроқ бермоғи мумкиндир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан шундай ҳадис ворид бўлганким, «Бу дунё охират экинзоридир». Яъни, ким нима экса, охиратда шуни ўради (натижасини, ҳосилини кўради).
Шундай экан, ҳар биримиз икки дунёмиз бахти-саодатини ўйлашимиз, сўрашимиз, айниқса охиратимиз тадоригини кўриб қўйишимиз, яхшилик-эзгулигимизни, тоат-ибодатимизни кўпайтиришда ўзаро хайрли мусобақада бўлмоқлигимиз лозим ва лобуддир.


Киритилган вақти: 23/02/2021 21:59;   Кўрилганлиги: 96
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/ayahs/odamlar-uchun-hisob-kitob-onlari-yaqinlashib-qoldi
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 18:32