Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Қуръон оятлари

Дўзахга қуламасликнинг чораси – Қуръонни маҳкам ушлашдир!

 
 

Аллоҳ таоло муборак каломида шундай дейди:

وَٱعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ ٱللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُواْ

«Аллоҳнинг арқонини биргаликда маҳкам тутинг ва тарқоқ бўлманг» (“Оли Имрон” сураси, 103-оят).

«Арқон» ‒ нажотга, омонликка олиб чиқувчи воситадир. Араб тилида эминликни ҳам «арқон» деб аташ бор.

«Аллоҳнинг арқони»ни кўпчилик муфассирларимиз Қуръони Карим деб тафсир қилганлар. Ҳа, Аллоҳнинг ер юзига туширган арқони Унинг каломидир. Бу ҳақда Имом Табароний Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг китоби – Аллоҳнинг осмондан ергача тортилган арқонидир», дедилар».

Имом Табароний, Баззор, Ибн Абу Шайба ва Байҳақийлар Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Огоҳ бўлинг! Албатта, фитна бўлади!» деяётганларини эшитдим. Шунда: «Ундан чиқиш нима билан бўлади, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. У Зот:

«Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг маълумотлари, сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У ажрим қилувчидир, ҳазл эмасдир. Ким бирор зўравонни деб уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради. Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади. У Аллоҳнинг метин арқонидир», дедилар».

Ҳа, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг инсониятни дунё қийинчиликларидан ва охират азобидан қутқариш учун тушурган арқонидир. Қуръони Карим ҳайвонийлик чоҳидан малаклик чўққисига олиб чиқувчи нурли арқондир. Қуръони Карим ғафлат ботқоғидан қутулиш учун ягона воситадир.

Устозимиз шайх Муҳаммда Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят тафсирида жумладан шундай дейдилар:

«Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг  ҳам бирдан-бир чораси – Қуръони Каримни маҳкам ушлашдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир».

Баъзи муфассирлар «Аллоҳнинг арқони» деганда Ислом дини назарда тутилган дейдилар. Бу ҳам олдинги тафсир билан деярли бир маънога эга. Яна бир гуруҳ муфассирлар уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб таъвил қиладилар. Яъни, «Аллоҳнинг Расули этагини маҳкам тутинг, унинг атрофида жамланинг, ундан узоқлашманг!»

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг арқони ‒ жамоат, яъни мусулмонлар оммасидир», дейдилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг кўпчилиги ҳидоятда бўлишини, кўпчиликни маҳкам тутишни қаттиқ тайинлаганлар. Бу маъно оятнинг давомида ҳам таъкидланади:

«... ва тарқоқ бўлманг». 

Тарқоқ бўлманг, акс ҳолда, Аллоҳнинг арқонини қўлдан бериб, ҳалокатга учрайсиз. Ушбу оятдан ўзаро тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини тутишнинг зидди экани англашилади. Демак, тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини қўйиб юбориш, унинг нажотидан узоқлашиш экан.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Аллоҳ сизларда уч нарсага рози бўлади ва уч нарсани ёмон кўради: Унинг Ўзига ибодат қилиб, ширк келтирмаслингингиз, барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутиб, бўлиниб кетмаслигингиз ва сизга ишбоши бўлган кишига хайрхоҳ бўлишингизга рози бўлади. Қийлу қол, кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради».

Тарихга назар солинса, мусулмонлар ушбу илоҳий насиҳатга амал қилганларида фақат зафар қучганлар, унга зид юрганларида мағлуб бўлиб, азобу уқубатга қолганлар.

Афсуски, бугун кўп мусулмонлар на бу ояти каримадан насиҳат оладилар ва на тарихий тажрибалардан сабоқ оладилар. Бирлашишлари учун минглаб сабаб, туртки ва омиллар бор, бирортасига қиё боқиб қўйишмайди. Аммо тафриқа учун баҳона истаб тургандек, биргина сабаб топиб қолишса бас, ҳар ким ўзини тўғри деб, ҳидоятда санаб, бошқани гумроҳликда айблаб, тумтарақай бўлиб кетаверишади. Шунинг учун ҳам ҳозирда нима бало бўлса, мусулмонларнинг бошида бўлмоқда. Ўлдирилаётганлар ҳам, таланаётганлар ҳам, қийноққа солинаётганлар ҳам асосан мусулмонлар. Аммо шунда ҳам ўзларига келмаётганлари янада ачинарли ҳол. Хилма-хил фирқаларга бўлиниб, жанжаллашиб, бир-бирини кофирга чиқариб, ҳатто хунрезликкача борадиганлар ҳам топилаётгани эса энг катта мусибатдир.

Мусулмонлар шу пайтгача ташқи душманга мағлуб бўлмаганлар, фақат ички низо сабаблигина мағлубиятга учраганлар. Бугун ҳам уларнинг заифлашуви, мусибатларининг асосий сабаби ихтилоф ва тафриқага тушиш бўлмоқда. Аслида эса Ислом ўзаро муҳаббат, биродарлик руҳини таратувчи диндир.

Манбалар асосида тайёрланди


Киритилган вақти: 30/01/2021 15:34;   Кўрилганлиги: 98
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/ayahs/dozaxga-qulamaslikning-chorasi-quronni-mahkam-ushlashdir
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 08:48