Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Қуръон оятлари

Ақлни ишлатмаслик охират азобига сабаб бўлади!

 
 

Аслида илм дегани ишларни ақл ёрдамида бажариш, демакдир. Ақл эса учраган нарсани тушуниб олиш қобилиятидир. Қуръон барча ишларда ақл билан иш юритишга чақиради, ақлни ишлатмаганларни қаттиқ танқид қилади. Қуръони каримда ақлга тааллуқли сўзлар 50 марта ишлатилган. «Ақл эгалари» деган жумла эса 10 мартадан кўпроқ ишлатилган. Шунинг ўзи ҳам Қуръон ақлга катта эътибор берганининг далилидир.

Қуръон ақлнинг улкан неъмат эканини шундай баён қилади:

إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَعْقِلُونَ

«Бунда, албатта, ақл юритувчи қавмлар учун оят(белги)лар бордир» (Раъд сураси, 4-оят). 

 

قَدْ بَيَّنَّا الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ

«Батаҳқиқ, аниқ ишонувчи қавмларга оятларни баён қилганмиз» (Бақара сураси, 118-оят) ва ҳоказо.

Бошқа оятларда эса Аллоҳ таоло ақлни ишлатмаганларни айблайди:

«Аллоҳнинг ҳузурида жонзотларнинг энг ёмони, албатта, кару соқов бўлиб, ақл юритмайдиганлардир» (Анфол сураси, 22-оят).

 

أَمْ تَحْسَبُ أَنَّ أَكْثَرَهُمْ يَسْمَعُونَ أَوْ يَعْقِلُونَ إِنْ هُمْ إِلَّا كَالْأَنْعَامِ بَلْ هُمْ أَضَلُّ سَبِيلً

«Ёки уларнинг кўплари тинглай олурлар, ёки ақл юрита олурлар деб ҳисоблайсанми? Улар чорва кабидирлар, холос. Балки улар яна ҳам йўлдан адашганроқдирлар» (Фурқон сураси, 44-оят). 

Бошқа бир оятда ақлни ишлатмаслик охират азобига сабаб бўлишини эслатади:

وَقَالُوا لَوْ كُنَّا نَسْمَعُ أَوْ نَعْقِلُ مَا كُنَّا فِي أَصْحَابِ السَّعِيرِ

«Ва улар: «Агар қулоқ осганимизда ёки ақл юритганимизда эди, ловуллаган олов соҳиблари орасида бўлмаган бўлар эдик», дерлар» (Мулк сураси, 10-оят).

Мана шу нарсаларнинг барчаси Исломда ақлнинг нақадар улкан баҳоланишини кўрсатади.

 

“Иймон” китобидан


Киритилган вақти: 02/02/2021 12:19;   Кўрилганлиги: 101
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/ayahs/aqlni-ishlatmaslik-oxirat-azobiga-sabab-boladi
Чоп этилган вақт: 30/11/2021 04:45