Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Ақийда

Сеҳрнинг муолажаси 2- қисм

 
 

Имом Абдурраззоқ ўзининг «Мусаннаф» номли ки­тобида сеҳрнинг муолажаси ҳақида қуйидагиларни келтирган: «Сидрнинг баргидан еттита олинади. Уларни икки тошнинг орасига олиб туйилади. Унга Кафирун, Ихлос, Фалақ ва Ан-Нас суралари уч мартадан ўқила­ди. Сўнгра сувга солиб ичилади ва ғусл қилинади. Ал­лоҳ шифо бергунича такрор қилинади».

Тўртинчиси - сеҳр килинган нарса қоринда бўлса, ич суриш, бошка жойда бўлса, қон олдириш билан ха­лос бўлинади.

Дам солишнинг шартларидан бири Аллоҳнинг исмлари, сифатлари ҳамда ривоят қилинган дуолар би­лан бўлишидир. Дам солиш араб тилида ёки маъноси тушунарли бўлиши шарт. Дам солиш ўзича таъсир қилмаслигига, шифони фа­қат Аллоҳнинг Ўзигина беришига эътикод қилиш шарт. Дам солувчи тақводор, солиҳ мусулмон бўлиши керак. У қанчалик тақводор бўлса, таъсири шунчалик кучли бўлади. Дам солиш жараёнида сидқидилдан Аллоҳга юз­ланиш ва ёлвориш лозим.

Киши ўзига-ўзи дам солгани афзал. Дам солдирувчи киши ҳам солиҳ мўмин бўлиши керак. Дам солдирувчи киши шифони ихлос билан Ал­лоҳ таолонинг Ўзидан сўраши лозим. Шифо бўлмаяпти, деб шошилмаслиги керак.

Кўз тегишидан хавфсиралган жойларга тумор, кузнинг шакли, отнинг тақаси каби нарсаларни осиш мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг шариатда келган сеҳр ҳақидаги ҳукмларини билиб, сеҳргарликдан ўзини четга олиш ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг бурчидир. Шунингдек, сеҳргарга мурожаат қилиш мутлақо мумкин эмаслигини ҳам ҳар бир мўмин эркак ва аёл яхши ту­шуниб етиши керак.

Иймонли киши бўлган-бўлмаган нарсага «Сеҳрлаб қўйибди, у бўлибди, бу бўлибди», деб васваса қилмас­лиги керак. Кўпчилик айнан шунга ўхшаш нарсалар билан ўзини ўзи тушкунликка солиб қўяди. Бунинг ўрнига сеҳрдан сақланиш оятлари ва дуоларини ўқиб, ўзига дам солиш, ҳамма нарса Аллоҳ таолодан эканига қатьий ишонч билан иймонни бақувват қилиб, хотир­жам юриш керак.


Киритилган вақти: 26/02/2021 11:07;   Кўрилганлиги: 115
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/aqidah/sehrning-muolajasi-2-qism
Чоп этилган вақт: 30/11/2021 05:07