Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Ақийда

СЕҲРНИНГ МУОЛАЖАСИ

 
 

Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилиб қўйган қонун-қоидаларини таммул билан ўйлаб кўрган киши турли офатлар ва беморликларнинг юзага келиши ҳам борлиқдаги муқаддар қонун-қоидалардан бири эканини англаб етади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томони­дан бўладиган синовдир. Ким солиҳ бандалар бало ва мусибатлардан узоқда бўлади, деб   ўйласа, хато қилади. Солиҳ кишига офат ва мусибатларнинг етиб туриши Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббати аломатидир. Солиҳ кишига беморликларнинг етиб туриши Аллоҳ таоло­нинг унга яхшиликни ирода қилгани аломатидир. Бундай кишиларга етган офат ва беморликлар унинг учун келган гуноҳларининг каффоратидир.

Агар мусибатга учраган банда солиҳ бўлса, мусибат унинг учун гуноҳларга каффорат ёки даражотларининг кўтарилишидир. Агар осий бўлса, мусибат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунё бевафолигини эсла­тишдир.

Гоҳида сеҳр ва кўз тегиши орқали ҳам бандага му­сибат етади. Шунинг учун мусулмон одам мазкур икки нарсадан сақланиш йўлларини яхши билиб олиши ке­рак. Булардан сақланиш муолажа қилишдан кўра осонроқдир. Сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш бир неча ус­лублар билан амалга ошади:

  1. Тавҳид орқали руҳни тетиклаштириш.
  2. Борлиқдаги барча нарсанинг тасарруфини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи қилишига иймон келтириш.
  3. Яхшиликларни кўп қилиш.
  4. Сеҳргарлиги ва кўзи борлиги билан машҳур бўл­ган одамлардан узокда бўлиш.
  5. Аллоҳдан сеҳр ва кўз тегишидан паноҳ сўраб, ке­ракли дуо ва зикрларни ўқиб юриш.
  6. Мазкур дуо ва зикрлар как экани ва уларнинг фой­даси борлигига иймон келтириш. Мазкур иймон қанча кучли бўлса, таъсир ҳам шунча кучли бўлади.
  7. Мазкур дуо ва зикрларни айтганда қалбнинг ҳо­зир бўлиши. Чунки ғофил қалб билан қилинган дуо қа­бул бўлмайди.
  8. Кундузги дуо ва зикрлар бомдод намозидан сўнг, кечкилари аср намозидан кейин айтилади.
  9. Оятул Курсий, Бакара сурасининг охирги икки ояти, Ихлос, Фалак ва Ан-Нас сураларини сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш учун ўқилади. Бошқа дуолар ва зикрлар ушбу китобнинг тегишли жойида келган.
  10. Сеҳрланиб қолганлик ва кўз текканлик аломатла­ри қуйидагича: кишининг аъзолари соғ бўла туриб, бо­шининг у ер-бу ери оғриса, юзи саргайса, кўп терласа ва бавл қилса, иштаҳаси йўқолса, юраги бежо бўлса, бе­лининг ва икки кўрагининг пастида оғрик бўлса, узрсиз хафалик ва юрак сиқилиши кузатилса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади. Шунингдек, бекордан-бекорга хавфсирай­верса, аччиғи чиқаверса, одамларга кўшилгиси келмай қолса, дангаса бўлиб қолса, уйқуси келаверса, қўйингки, тиббиётга оид бўлмаган ҳолатларга учраса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади. Мусулмон одамнинг иймони ва қалби кучли бўлиб, васвасага йўл қўймаслиги лозим.

 


Киритилган вақти: 23/02/2021 13:22;   Кўрилганлиги: 104
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/aqidah/sehrning-muolajasi
Чоп этилган вақт: 30/11/2021 04:08