Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Ақийда

СЕҲРГАРЛИК ҲАҚИДА

 
 

Одамлар орасида сеҳр ва сеҳргарлик ҳақидаги гап- сўзлар, бу ҳакдаги турли ваҳимали тафсилотлар тез-тез учраб туради. Сеҳрнинг мавжудлиги динимиз таъли- мотларида ҳам зикр этилган.

 СЕҲРНИНГ ТАЪРИФИ

«Сеҳр» сўзи луғатда чиқиб келган жойи дақиқ ва латиф, сабаби махфий бўлган нарсага нисбатан ишлатилади.

 عن عبدالله بن عمر رضي الله عنهما  فقال رسول الله صلَّى الله عليه وسلَّم  إنَّ مِنَ البَيانِ لَسِحْرًا 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, баённинг сеҳрлиси ҳам бор», деганлар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

 

«Фалончини сеҳрлаб қўйди» деган иборада «алдади» деган маъно бўлади. Аслида сеҳр бир нарсани ҳақиқатидан бошқа тарафга буришдир. Бунда сеҳргарнинг ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатиши кўзда тутилган. «Лисонул араб» китобида айтилишича, арабларнинг сеҳрни сеҳр деб аташи соғлиқни беморликка, яхши кў- ришни ёмон кўришга бургани учундир.

Сеҳрнинг таърифида уламолар турли фикрларни айтишган. Байзовий: «Сеҳрдан мурод ҳосил бўлиши учун шайтонга яқинлашиладиган, инсон ўзи қила оладиган нарсадир. Бу нарса ёмонликда ва нафсининг ифлослигида иблисга муносиб бўлган кимсалардагина ҳосил бўлади. Аммо ҳийла, турли асбоб ва даволар воситасида одамларни ажаблантирадиган нарсаларни қилиш, қўлини чаққон ҳаракатлантириб ҳунар кўрсатиш мазаммат қилинмайди. Бундай ишларни сеҳр дейиш унинг дақиқлигидан, холос. Сеҳр аслида сабаби махфий нарсадир», деган.

Ҳанбалийлар сеҳрни қуйидагича таърифлашади: «Сеҳр тугунлар, сўзлар, дам солиш ёки бир нарсаларни ёзиш, ёхуд қилиш орқали кишининг бадани, қалби ёки ақлига бевосита таъсир қилишдир».

Мазкур таърифларни жамлаб ўргансак, уларнинг ҳар бирида сеҳрнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз бораётганини кўрамиз. Демак, ушбу таърифларнинг йиғиндисидан сеҳрни янада тўлароқ англаб оламиз.

Сеҳрга алоқаси бор нарсалар:

  1. Шаъваза.
  2. Нашра.
  3. Азайимхонлик.
  4. Тилсим.
  5. Авфоқ.
  6. Мунажжимлик.

Сеҳргар эса турли услубларни ишлатиб, кишиларга таъсир ўтказувчи шахсдир. Қуръони Каримда сеҳр тўғрисида келган оятда эркакни хотиндан ажратувчи ишларни қилувчилар ҳам сеҳргар экани айтилган. Сеҳргар Қуръони Каримда қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло Тоҳо сурасида бундай марҳамат қилади:

 


وَلَا يُفْلِحُ السَّاحِرُ حَيْثُ أَتَىٰ 

«Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас» (69-оят).

 

 

 

“Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг ҳақиқати” китобидан


Киритилган вақти: 13/02/2021 13:46;   Кўрилганлиги: 111
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/aqidah/sehrgarlik-haqida
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 18:08