Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Ақийда

Аллоҳни осмонда десак нима бўлади? 4- қисм

 
 

Ушбу келтирилган оятларни сизлар каби зоҳирига эътибор қаратамиз. Сизлар келтирган юқоридаги бешта оятнинг зоҳирий маънолари бўлгани каби биз келтирган олтита оятнинг ҳам зоҳирий маънолари бор.

Агар “Ақида оятларида мажоз мумкин эмас”, десаларингиз, булар ҳам ақида оятлари ҳисобланади, буларда ҳам мажоз мумкин бўлмайди.

Агар биз келтирган оятларда “мажоз жоиз”, десаларингиз, ваҳоланки, биз ҳам “жоиз деймиз”. Унда “Нега сизлар келтирган оятларда мажоз жоиз эмас”, деган ҳақли савол туғилади. Сизлар келтирган оятлар ва биз келтирган оятлар орасида нима фарқ бор. Нега биз келтирган оятларда мажоз мумкин бўладию, сизлар келтирган оятларда мажоз жоиз бўлмайди. Қани бу ерда мантиқ?

У осмонларда ҳам, ерда ҳам Аллоҳдир. Сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам биладир.

Ушбу оятда осмонлару ерда Аллоҳнинг зоти эмас, балки илми қасд қилинганини оятнинг давомидан билиб оламиз. Оятнинг давоми бизга оятнинг аввалида нима қасд қилинганини очиқлаб беради. Осмонда бўласизми ерда бўласизми У зот ўз илми билан сизларни билиб туради. Бугунги кундаги Аллоҳни осмонда ёки юқорида дейдиганлар ҳам шундай тафсир қилиб, “Бу оят Аллоҳнинг илми борасида келган”, дейдилар.

Биз ҳам шу гапни айтамиз. Аллоҳни барча маконлардан поклаймиз.

Нимага сизлар ушбу оятни давоми билан далилланганилар каби ўзилар келтирган оятларнинг ҳам қолган қисмлари билан далилланмайсизлар. Масалан: 1. “У – Роҳман аршни эгаллади”, Қуръоннинг аксар ўринларида ушбу оят давомида يُدَبِّرُ الأمْرَ “У ишнинг тадбирини қиладир”[16], жумласи келади. Нимага истивони тадбир, ҳукм маъноларини бериб, ҳукми билан, тадбири билан эгаллади деб айтмайсизлар. Агар биз келтирган оятларда қандай маъно ирода қилинганини англаш учун, оятнинг қолган қисми билан тушуниш лозим бўлса, ушбу ўринда ҳам худди шу каби оятнинг давоми билан тушуниш керак бўлади.

III. “Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз”.

Аллоҳ Таоло ўз зотини улуғлаб биз унга жон томиридан, яни ўзидан ҳам яқинмиз демоқда.

“Биз эса, сиздан кўра унга яқинмиз, аммо сизлар кўрмайсизлар”. Бу оят руҳ чиқиш ҳолатини баён қилмоқда. Ўлим фариштаси келиб, инсон руҳини чиқариб олмоқда. Шу ҳолатда биз унинг атрофида турган яқинларидан кўра унга яқинмиз, лекин сизлар кўрмайсизлар. Ушбу оятни муфассирлар икки хил таъвил қилганлар. Биринчиси: Руҳ чиқар вақтда маййитга унинг аҳлларидан кўра яқинроқмиз. Лекин бу яқинлик Зоти билан эмас, балки амри билан. Яни, агарчи у ерда юзта табиб бўлса ҳам Аллоҳнинг амри тез фурсатда амалга ошиб, жасаддан руҳ, албатта, чиқади. Иккинчи тафсирда “Биз”дан фаришталар ирода қилинган.

Бу икки тафсирни қабул қилсангизлар, худди шу маъно

أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ أَنْ يَخْسِفَ بِكُمُ الأرْضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ

Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми?

оятида ҳам мавжуд. Яъни унинг амри ёки азоб фаришталари осмонда бўлган Зот. Оятни давоми билан тушунадиган бўлсак: “Унинг амри осмонда бўлган Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми”? Ёки “Осмондаги азоб фаришталари сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми”?

Юқоридаги иккила оят ҳам шу икки хил тафсирни олган. Лекин ажабланарлиси шундаки ушбу тафсирни биз келтирган оятларга нисбатан қўлласак, бу тафсир қилиш, илмий изланиш бўлади. Ҳеч қандай бидъат, залолат эмас. Улар келтирган оятларга қўлласак, бизни залолат ва бидъатда айблаб, ҳатто Жаҳмийлар[18] тоифасига қўшиб қўйишади. Бу энг яхши гумон билан айтилган гап. Бўлмаса бунданда юқори даражадаги ҳақоратлар қилинади. Шунинг ўзи ҳавойи нафсга эргашиш эмасми. Бу икки оят ҳар томонлама бир хил бўлганидан кейин, иккаласига ҳам бир хил ҳукм берилмайдими.

Кейинги оят ҳам худди шу кўринишда.

مَا يَكُونُ مِنْ نَجْوَى ثَلاثَةٍ إِلا هُوَ رَابِعُهُمْ وَلا خَمْسَةٍ إِلا هُوَ سَادِسُهُمْ وَلا أَدْنَى مِنْ ذَلِكَ وَلا أَكْثَرَ إِلا هُوَ مَعَهُمْ أَيْنَ مَا كَانُوا

Агар учтанинг сирли сўзлашуви бўлса, албатта, У зот тўртинчидир. Бештаники бўлса, У зот олтинчидир. Бундан оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам ва қаерда бўлсалар ҳам, албатта, Аллоҳ улар биландир


Киритилган вақти: 07/06/2021 12:21;   Кўрилганлиги: 77
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/aqidah/allohni-osmonda-desak-nima-boladi-4-qism
Чоп этилган вақт: 30/11/2021 05:55