Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Ақийда

Аллоҳни осмонда десак нима бўлади? 1- қисм

 
 

Бугун замон шиддат билан тезлашиб, фан теҳника ривожланиб бормоқда. Кундан кунга янги ихтиролар қилиниб, борган сари ҳаёт енгиллашмоқда. Инсон дунёнинг бир четида туриб бутун жаҳондаги маълумотлардан қисқа вақт ичида хабардор бўлиши, ушбу енгилликларни бир кўринишидир. Бу янгиликлар диний соҳага ҳам кириб келди. Бу қулайликлардан диний соҳада ҳам унумли фойдаланиб келинмоқда.

Аммо, бу ўзгаришларни ўзига яраша қулайликлари бўлиши билан бирга, баъзи салбий жиҳатлари ҳам кўзга ташланмоқда. Хоссатан, Ислом динимизни оладиган бўлсак, айрим мусулмонлар баъзан олаётган маълумотларини таҳлил қила олмасдан, тўғрисидан хатосини ажрата олмаяптилар. Бунинг натижасида у ўзи билмаган холда тўғри йўлдан адашиб қолмоқда. Адашгани етмаганидек, ўзини энг тўғри йўлдалигини даъво қилади. Бошқаларни эса “Мен билган нарсани булар билмайди, улар бу нарсадан беҳабар, бир қобиққа ўралиб қолган, раҳбарлари нима деса шуни айтадилар, агар далил келтирилса ҳам тан олмайдилар, кўр кўрона тақлид қиладилар”, деб, танқид ҳам қилмоқда. Бундай холатга асосан ёшлар тушадилар. Чунки ёши катталар замонавий техникаларни яхши тушунмаганларидан ёшлар каби кўп ахборотлардан воқиф бўлолмайдилар. Баҳсли масъалаларга уларнинг тоқатлари ҳам йўқ. Ёшлар эса ёш, қизиққон бўлгани учун, бу каби хабарлар уларни ўзига жалб қилади. Маълумотлар олиш борасида ҳам уларнинг имкониятлар кенг. Хохлаган маълумотини қисқа вақт ичида қўлга киритиши мумкин. Бундай имкониятлардан тўғри фойдалана олмаслик баъзи салбий жиҳатларни келтириб чиқармоқда.

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Агар ёшлар ўзлари олиб турган маълумотларни тушунмаганлиги сабабидан мутахассисдан бу ҳақда сўраса, у эса: “Бу мантиқ, бу калом, бу фалсафа ва бу бидъат савол, бундан сўраб бўлмайди”, деб, саволига жавоб бермаса, бунга ёшларнинг ақли қаноатланмайди, қалби таскин топмайди. Нафақат ёшлар балки ҳар қандай жамиятда ҳам жамият аъзоларининг саволларига жавоб берилмаса бу холатга бир йил, икки йил, беш, ўн йил сабр қиладилар. Натижа бўлмагач, охири бориб сабрлари тугайди. Чунки, инсонлар ўз динларини ўрганар эканлар уларда саволлар пайдо бўлади, лекин баъзан бу саволларига жавоб топа олмайдилар. Сўнгра диний соҳа вакилларидан бу саволларига жавоб истаб боради. Шунда улар “Бу ақл юритиш мумкин бўлмаган иш, бундай савол бериш бидъат, бу масъалада фикр юритиш залолат аҳлини ишларидан”, деган жавобни олади. Ваҳоланки инсон фикр юритадиган, ақлли жонзот ҳисобланади. Бу холатга маълум бир муддат сабр қилиши мумкин. Сўнгра нафси портлаб, ҳатто буткул қарши тарафга ўтиб кетиши ҳам мумкин. Бу эса динсизликка олиб келади. Одамлар саволларига ақли қаноат қиладиган жавобни олишни хохлайди. Агар у ўзига керакли жавобни ололмаса нима бўлишини ғарбнинг тажрибасидан ҳам билсак бўлади. Ғарбда черковлар билан худди шундай холат юз берган. Черковларда илм бўлмаган. Инсонлар тушунмаган нарсаларига сабр қилиб, сабр қилиб ва охири бориб “дин бизга керак эмас, дин билан яшамаймиз, балки илм билан яшаймиз”, деганлар. Динга фақат черковларда, малум кунларда эътибор қилинадиган бўлиб қолган.

Алҳамдулиллаҳ, мусулмонларда дин ва илм орасида бундай салбий муносабат йўқ, лекин бундай муносабат дин ва ақл орасида пайдо бўла бошлади. Бунинг сабаби “ақидада, диний ишларда ақлингни ишлатма”, каби жавоблар бўлди. Ваҳоланки ақл таъаббудий[1] масъалаларда ишлатилмайди. Ақида масъаласида эса Қуръоннинг барча ўринларида тафаккур, тадаббур қилишга тарғиб қилинган. Шунинг учун ҳам саволларга ўз ўрнида жавоб бериш лозим. Албатта, гапирилинаётган тарафнинг эътиборини қилган холда. Чунки, “жавоб беришим керак экан”, деб эшитувчини савиясига мос бўлмаган гапларни гапиришни ҳам фойдали деб бўлмайди. Баъзан бу бошқа бир муаммони келтириб чиқаради. Шунинг учун савол берувчини ақли қаноатланадиган жавобни бериш керак. Ками ҳам ортиқчаси ҳам зиён қилади.


Киритилган вақти: 01/06/2021 14:26;   Кўрилганлиги: 61
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/islam/aqidah/allohni-osmonda-desak-nima-boladi-1-qism
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 19:22