Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Оила

Ота онага оддий инсонлар каби муомала қилиб бўлмайди!

 
 

Азиз ўқувчи, сиз ушбу мавзу орқали динимизда ота-онанинг ҳурмати нечоғлик баланд эканлиги, уларни ҳурматлаш лозимлиги ҳамда уларга ёмон муносабатда бўлиш энг оғир жиноят эканлигини билиб оласиз.

Ислом таълимотидан хабардор ҳар бир киши пок ва олижаноб динимиз инсонларга, хусусан, ота-оналарга яхшилик қилишга чорлаши ва унга катта аҳамият беришини яхши билади. Зеро ота-она фарзанднинг вужудга келишига сабабчи бўлган улуғ зотлардир. Ҳар икковлари кечалари ухламай фарзандини вояга етказадилар ва бу йўлда катта қийинчилик ва захматларни бошдан кечиралилар. Аллоҳ таоло оятда онанинг фарзандини дунёга келтиришдаги чекадиган машаққатини эслатиб шундай дейди:

وَوَصَّيْنَا ٱلْإِنسَٰنَ بِوَٰلِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُۥ وَهْنًا عَلَىٰ وَهْنٍۢ وَفِصَٰلُهُۥ فِى عَامَيْنِ أَنِ ٱشْكُرْ لِى وَلِوَٰلِدَيْكَ إِلَىَّ ٱلْمَصِيرُ

“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтиш менинг ҳузуримгадир”. (Луқмон сураси, 14-оят)

Аллоҳ таоло яна бошқа ояти каримасида ота онага яхшилик қилиш ва ҳурматларини жойига қўйиш, уларнинг ҳузурларида қалблари азият чекиб, диллари вайрон бўладиган бирон-бир сўзни айтмаслик, уларга яхшилик қилишнинг Ўзига ибодат қилиш билан бир даражада эканлигини таъкидлаб бундай дейди:

{وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَآ أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيماً* وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِى صَغِيراً

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!. Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”” (Исро сураси 23-24-оятлар).

Ояти кариманинг мазмунига мувофиқ ибодат фақат Аллоҳга бўлиши, яхшилик қилмоқчи бўлсак ота-онамиздан бошламоғимиз ва уларнинг дилларини хуфтон қиладиган гап сўзлардан йироқ бўлиб доим чиройли муомала ва муносабатда бўлиш билан бир қаторда ҳақларига дуода бўлишимиз ҳам зарур экан.

Буюк фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Ибн Аббос дейдики: “Қайси бир мўминнинг ота-онаси бўлсаю икковларига яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан икки дарвоза очади. Икковларидан бири ғазабли бўлса, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлмайди, токи улар рози бўлмагунча”.

Ҳа азизлар ота-оналаримиз бизнинг уйимизни чароғон қилиб турган бир нурларки, уларга эътиборли бўлиб, хизматларида бўлиш, уларни рози қилишлик ҳаётимизни ҳам мунаввар бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло ҳаёт бўлган ота-онамизни доим саломат қилсин, бу дунёдан ўтганларини этганларини эса раҳматига олсин.

Б.Бобохонов – Самарқанд шаҳар “Хўжа Нисбатдор” жоме масжиди имом хатиби 


Киритилган вақти: 05/02/2021 10:40;   Кўрилганлиги: 86
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/family/ota-onaga-oddiy-insonlar-kabi-muomala-qilib-bolmaydi
Чоп этилган вақт: 30/11/2021 04:52