Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

ЎЗГАНИНГ ҲАҚҚИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

 
 

Ўзганинг ҳаққидан эҳтиёт бўлишдек муҳим мавзу ҳақида гап кетар экан беиҳтиёр ушбу муборак ҳадис ёдимизга тушади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳ қонларингиз ва молларингизни бир-бирингизга ҳаром қилди» (Имом Бухорий ривояти).

Уламоларимиз ўзгалар ҳаққини ноҳақ егувчи тоифага хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, судхўр, етим молини егувчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарз олиб ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, азада дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол, ҳур-озод одамни сотиб пулини ейдиганлар киришини айтганлар.
Эътибор берилса, ушбу тоифа кишилари нафақат моддий ҳақ, балки маънавий ҳақларнинг ҳам топтагувчиларидир.

Аннас ибн Молик (р.а.): «Набиий солаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, мен дуоси қабул бўладиганлардан бўлай, - дедим. У зот а.с :
- Эй Анас, таоминг пок бўлсин, дуойинг қабул бўлади. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди, - дедилар (Имом Дайламий ривояти).

Қолаверса, нопок йўл билан топилган озуқани еб ўсаётган фарзандлар келажакда ким бўлишлиги ҳақидаги ҳақли савол ҳам барчани бирдек ўйлантириши лозим. Уларнинг ахлоқи, тарбияси ва феъл-атворида рўй бераётган ўзгаришлардан ўз вақтида ҳаммамиз ҳам хабардор бўла олаяпмизми?!

Аллоҳ таоло барчамизни бу борада фарзандларимиз тарбиясига эътиборли ва ўзгалар ҳақидан ҳазар қиладиган, ҳалол ва ҳаромни фарқлайдиган, инсофли ва диёнатли бандаларидан бўлишимизни насиб этсин!

Самарқанд шаҳар "Панжоб" жомеъ масжиди имом-хатиби Ботирали РИЗАЕВ


Киритилган вақти: 20/03/2021 11:48;   Кўрилганлиги: 77
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/ozganing-haqqidan-ehtiyot-boling
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 17:55