Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

ОИША ОНАМИЗ. 2-қисм

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин

قال رسول الله ‎ﷺ: { مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ } رواه مسلم

ОИША ОНАМИЗ

Кейин нима бўлганини Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан эшитамиз. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени никоҳларига олганларида олти ёшли қиз эдим. Мадинага келдик. Бани Ҳорис ибн Хазражга тушдик. Мен иситмалаб қолдим. Сочим титилиб кетди. Кейин елкамгача ўсди. Олдимга онам Умму Руммон келди. Мен дугоналарим билан ҳалинчак ўйнаётган эдим. У менга қараб қичқирди. Мен унинг олдига бордим. У мендан нимани хоҳлашини билмас эдим. У менинг қўлимдан ушлаб ҳовлининг эшигигача етаклаб борди. Мен ҳансираб турар эдим. Бир оз нафасим ростланди. У бир оз сув олиб менинг юзимни ва сочимни артди. Сўнгра ҳовлига киритди. Қарасам, уйда ансор аёллар ўтиришибди. Улар: «Хайр-баракали бўлсин, ризқи рўзи улуғ бўлсин!» дейишди. Онам мени уларга топширди. Улар менинг ҳолимни тўғрилашди. Қарасам, чошгоҳ пайтда олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Улар мени у Зотга топширдилар. Мен ўша кунларда тўққиз ёшли қиз эдим». Бухорий ривоят қилган. Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хадича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратларидан уч йил олдин вафот этди. У Зот икки йил ёки шунга яқин туриб турдилар. Кейин Оишани никоҳларига олдилар. У олти ёшли қиз эди. У билан бирга яшашни ҳижратдан кейин Шавволда бошладилар. У ўшанда тўққиз ёшли қиз эди» Бухорий ривоят қилган. Ўша куни бошқа бирор нарса ҳам бўлгани йўқ. Сўйиш ҳам сўйилмади. Дастурхон ҳам ёзилмади. Бошқа бирор иш ҳам қилинмади. Тўғри, Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўз одатлари бўйича юбориб турадиган бир сиқим нарсаларини юбордилар. У киши бир қадаҳда сут ҳам юборган эдилар. Ўша сутнинг бир озини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар ва қолганини Оиша онамизга тутдилар. У пайтларда бошқа нарсага илож ҳам йўқ эди. Аммо шунда ҳам агар буни тўй дейиш мумкин бўлса, тўй маросими Оиша онамизнинг умр бўйи эслаб юрадиган бахтли онлари бўлиб қолди. У кишининг назарида Шаввол ойи энг бахтли ва баракали ой бўлиб қолди. Бу ой Оиша онамиз розияллоҳу анҳо учун азиз ва маҳбуб ойга айланди. Абу Убайд ибн Мусанна айтадилар: «Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўз қариндош аёлларининг тўйи Шавволда бўлишини мустаҳаб санар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шавволдан мени ўз никоҳларига олдилар, Шавволда мен билан бирга яшашни бошладилар, у Зотнинг қай аёллари мендан кўра насибалироқ, дер эдилар». Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг маҳрлари беш юз дирҳам бўлди. Ўша кундан бошлаб, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо келинлик уйларида истиқомат қила бошладилар. Бу келинлик уйи Масжиди Набавийга ёпиштириб қурилган бир кичик ҳужрадан иборат эди. Мазкур ҳужра хом ғишт ва хурмо ёғочидан қурилган эди. Уйнинг анжомлари ҳам ўзига яраша эди: ичига хурмо қипиғи солинган тери тўшак, оддий бўйра, эшикка эса жун парда тутилган эди. Келиннинг ўзлари бўлса, енгил жуссали, жиккак қиз бўлиб, кўзлари катта-катта, жамалак соч ва қизил ёноқли эдилар. Аммо бу кичик ҳужра ҳам, ўша кичик ҳужрадаги кичик келин ҳам бутун дунёга татир эдилар. Худди ана шу кичик ҳужра Аллоҳ таолонинг ҳузуридан ваҳий нозил бўладиган бир улуғ маъвога айланди. Худди ана шу кичик ҳужра Аллоҳ таолонинг қиёматгача мўъжизаси бўлиб қоладиган самовий китоби — Қуръони Каримнинг кўпгина оятлари тушадиган муқаддас маконга айланди.

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли.


Киритилган вақти: 03/04/2021 11:03;   Кўрилганлиги: 76
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/oisha-onamiz-2-qism
Чоп этилган вақт: 02/12/2021 20:47