Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

ОИША ОНАМИЗ.

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин

قال رسول الله ‎ﷺ: { مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ } رواه مسلم

Ҳижрат қилишда Ёш бўлишларига қарамай, Оиша онамиз оталарининг уйидан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташвишларига шерик бўлар эдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларини ташкил қилишда ҳам иштирок этганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Бир куни ҳаво роса қизиган пайтда Абу Бакрнинг уйида ўтирган эдик. Биров Абу Бакрга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини тўсган ҳолларида келмоқдалар», деб қолди. Одатда бундоқ вақтда у Зот бизникига келмас эдилар. Абу Бакр: «Ота-онам у Зотга фидо бўлсин. Аллоҳга қасамки, у Зотни бу соатда муҳим иш олиб келган бўлса керак», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб изн сўрадилар. У Зотга изн берилди. У Зот кирдилар ва Абу Бакрга: «Олдингдагиларни ташқарига чиқар», дедилар. «Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули. Булар – ўз аҳлингиз, холос», деди Абу Бакр. «Менга чиқиш учун изн берилди», дедилар. «Ҳамроҳликми, отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули?» деди Абу Бакр. У Зот: «Ҳа», дедилар. Абу Бакр: «Эй Аллоҳнинг Расули, анави икки уловимдан бирини олинг», деди. У Зот: «Ўз баҳосига», дедилар. Оиша айтади: «Иккала отни чиройли қилиб жиҳозладик. Бир қўйни қовуриб, мешга жойладик. Опам Асма белбоғидан йиртиб, мешнинг оғзини боғлади. Шунинг учун у «Зотуннитоқ»–«белбоғ эгаси» деб номланган. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Савр тоғидаги бир ғорга етиб бордилар. Унинг ичида уч кеча беркиниб ётдилар. Икковларининг олдида Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ҳам тунни бирга ўтказар эди. У ёш, сезгир ва ўткир зеҳнли эди. У икковларининг олдидан тонг қоронғусида чиқиб, тонгни Қурайшнинг ҳузурида, Маккада тунагандек оттирар эди. У икковлари ҳақида бўлган ҳар битта гапни яхшилаб эшитиб олиб, қоронғу тушиши билан олдиларига келар ва хабарини етказар эди. Абу Бакрнинг мавлоси Омир ибн Фуҳайра қўй боқар, хуфтондан кейин қўйларни ғор тепасида роҳатлантирарди. Икковлари тузуккина таом, қўйларнинг сутига эга бўлар, Омир тонг қоронғусида қўйларни қичқириб ҳайдагунча, тинч бўлар эдилар. У мазкур уч кечанинг ҳар бирида шундай қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Бани Дайлдан бир моҳир кишини ижарага йўл бошловчи қилиб олишди. У Осс ибн Воил ас-Саҳмийнинг аҳли ила аҳднома учун қўл ботирган эди. У Қурайш кофирлари динида эди. Икковлари унга ишонишди. Уловларини унга бериб, уч кечадан сўнг ғор оғзида учрашишга келишишди. У учинчи кечанинг тонгида уловларни олиб икковлари олдига келди. Икковлари билан Омир ибн Фуҳайра ҳам юриб кетди. Йўл бошловчи пастқам йўлларни танлади» (Имом Бухорий ривоят қилган). Ушбу ривоятдан маълум бўладики, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳижратининг ҳар бир лаҳзасини зийраклик билан кузатиб турганлар, бутун вужудлари билан улар учун қайғурганлар. Икки муҳожир жўнаб кетишлари билан иш тугаб қолмаган. Ундан кейин ҳам ўзига яраша ташвишлар чиқиб турган. Оталари ва эрларининг хавф-хатар остида ҳижрат қилаётганларини тўлиқ англаб етган Оиша онамиз эшикнинг қаттиқ тақиллашидан чўчиб кетадилар. У киши гап нимадалигини билмай турган жойларида қотиб қоладилар

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли.


Киритилган вақти: 01/04/2021 11:37;   Кўрилганлиги: 70
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/oisha-onamiz
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 08:45