Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

Эҳсоннинг мукофоти, фақат эҳсондир.

 
 

بسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

هَلۡ جَزَآءُ ٱلۡإِحۡسَـٰنِ إِلَّا ٱلۡإِحۡسَـٰنُ ۝


Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин

«Абдурраҳмон ибн Авф Мадинага (ҳижрат қилиб) келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан Саъд ибн Рабиъни биродар тутинтириб қўйдилар. Саъд дунёдор киши эди. У Абдурраҳмонга: «Эй биродар, ансорлар мени Мадинанинг энг бойларидан деб билишади. Мен мол-мулкимни иккимизга тенг тақсим қилмоқчиман. Иккита хотиним бор, хотинларимдан ёққанини танла, уни талоқ қилай, иддаси битгач, сен унга уйлангин», деди. Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу: «Йўқ, Аллоҳ оилангга ва молингга баракот берсин. (Менга бозорга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўй», деди. Шундан сўнг унга бозорга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўйишди.) Абдурраҳмон олди-сотди қилиб озгина пишлоқ ва сарёғ фойда қилди. Бир неча кунлардан кейин кийимида сафрон (хушбўй модда) излари кўринган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Бу нима?», дедилар. Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, ансорлардан бир аёлга уйландим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга нима маҳр бердинг?», дедилар. «Беш дирҳам оғирлигида олтин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, зиёфат бергин», дедилар» (Бухорий (№3781), Муслим (№1427) ва бошқалар ривоятлари).
Баъзан Саъд ибн Рабиъ замоналарини қўмсаб: «Оҳ, қани энди биродари учун бор мол-мулкини-ю аёлларини ҳам тақсимлашга тайёр ўша Саъд ибн Рабиълар?!!», деб қолинади.
Жавоб шуки: «Саъд ибн Рабиълар Абдурраҳмон ибн Авфлар билан бирга кетиб бўлишган».
Ҳа, «Саъддек саховатпешалик қила оладиган ким бор?!» деган саволга «Абдурраҳмон ибн Авфдек ўзини пок тута оладиган ким бор?!», деб жавоб берилса тўғри бўлади.
Бир киши салафлардан бирларининг ёнига бориб: «Қаерда қолди «Мол-дунёларини кечаю кундуз, яширин ва ош­кора эҳсон қиладиган зотлар»?! (Бақара: 274)», деб сўраганида у зот: «Улар «Одамлардан тиланиб туриб олмайдиган» (Бақара: 273) кишилар билан бирга кетиб бўлганлар», деб жавоб берган эканлар.

Амиров Тўлқин Барот ўғли - "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 01/06/2021 11:57;   Кўрилганлиги: 81
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/ehsonning-mukofoti-faqat-ehsondir
Чоп этилган вақт: 30/11/2021 05:59