Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари. 5- қисм

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин

قال رسول الله ‎ﷺ: { مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ } رواه مسلم

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари.

32. Биродарини йўқлаб туриш. Биродарингиз масжидда ё ишхонада кўринмай қолса, у ҳақда сўраб-суриштириш ва аҳволидан бохабар бўлиш, уни йўқлаб бориш. Чунки у сизнинг ёрдамингизга муҳтож бўлиши мумкин.
33. Унинг дўстларини дўст тутиш, хусусан яхшилик ва тақво аҳлидан бўлсалар. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Дўстнинг дўстини дўст тутиш чин дўстнинг белгиларидан» (ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб). Чунки бу унга бўлган ихлоснинг комиллигидан ва дўстликка вафо қилиш жумласидандир.
34. Унинг арзимас ишлардаги хато ва камчиликларидан кўз юмиш, сизнинг ҳаққингизда қилган хатосини кечириш. Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Ким дўстига ҳақиқий дўст бўлса, уни бор камчиликлари билан қабул қилади, нуқсонини тўғрилайди, хатосини кечиради» (ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб).
35. Дўст билан барча ишларда очиқ-ошкора бўлиш, такаллуфга йўл қўймаслик. Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «У билан муросаи мадора қилишга мажбур бўлган кишинг ҳақиқий дўстинг бўлолмайди» (ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб). Муроса қилиш учун кўнгилда бўлмаган сўзларни гапириш чин дўстлик белгиларидан эмас.
36. Биродари ғоиблигида унинг аҳлидан бохабар бўлиш. Биродар уйидан узоқда ё сафарда бўлса, унинг аҳли-оиласига қараб туриш, имкон қадар уларга нафақа бериб, ҳолларидан хабар олиб туриш ва унинг йўқлигини билдирмаслик. Салаф солиҳларимизнинг дўстларга нисбатан одатлари шундай эди.
37. Вафот этса жанозаси ва дафнида ҳозир бўлиш. Бу ҳам сизнинг зиммангизда бўлган унинг ҳақларидан. Бунга далил бўлувчи ҳадис 5 – одобда ўтди.
38. Ҳаётлик даврида ҳам, вафотидан кейин ҳам унинг гуноҳларига мағфират сўраш, ёдга олганда ҳаққига дуо қилиш. Зеро, бу чин муҳаббат белгиларидан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирини дафнидан фориғ бўлгач: «Биродарингиз учун истиғфор айтинг, унга Аллоҳдан сабот беришини сўранг. Чунки у ҳозир сўроқ-саволга тутилади», деганлар (Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари).
39. Унинг вафотидан сўнг бола-чақасининг ҳолидан хабар олиб туриш, эҳтиёжларини ўтаб бериш, муҳтож бўлсалар моддий ёрдам кўрсатиш. Бу дўстга унинг вафотидан сўнг вафо қилиш жумласидан ҳамда сизнинг зиммангиздаги унинг ва бола-чақасининг ҳақларидандир. Салафлардан кўпларининг одати шундай эди.
40. Вафотидан сўнг уни фақат яхшилик билан эслаш, ҳузурингизда зикр қилинса унга Аллоҳнинг раҳматини сўраш, шунингдек, вафотидан сўнг ҳеч кимга уни ёмонлашига йўл қўймаслик ҳам дўстликка вафо қилиш жумласидан саналади.
41. Вафотидан сўнг унинг оиласи ва ёр-дўстлари билан борди-келди қилиб туриш ҳам дўстликка тўла вафо қилиш жумласидан. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа розияллоҳу анҳонинг вафотларидан кейин у кишининг ёр-дўстлари билан алоқа қилиб турардилар. «Кўпинча қўй сўйсалар, унинг бир бўлагини Хадича розияллоҳу анҳонинг дугоналарига юборардилар» Имом Бухорий ривоят. Мавзу бўйича мақолаларимиз силсиласи ниҳоя топди. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳ.

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли


Киритилган вақти: 26/03/2021 12:27;   Кўрилганлиги: 69
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/alloh-yolida-dostlashish-odob-va-huquqlari-5-qism
Чоп этилган вақт: 02/12/2021 20:30