Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари. 3- қисм

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин

قال رسول الله ‎ﷺ: { مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ } رواه مسلم

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари.

20. Гап-сўзда ҳам, насиҳат қилганда ҳам, бошқа пайт ҳам биродарига рост сўзлаш ва ёлғон гапирмаслик. Чунки, бундай қилиш – хиёнат ва алдамчилик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга хиёнат қилмайди, ёлғон гапирмайди, ёрдамсиз қўймайди. Ҳар бир мусулмоннинг обрўси, моли ва қони бошқа мусулмонга ҳаромдир. Тақво мана бу ердадир – шундай деб қалбларига ишора қилдилар – мусулмон биродарини ҳақир санаш кишининг ёмонлигига кифоядир» (Термизий ривояти).
21. Биродарининг сўзини тасдиқлаш, уни етарли сабабларсиз ёлғон санамаслик. Мусулмон киши мусулмон биродарининг аввалда ёлғон гапирганига гувоҳ бўлмаган бўлса, уни ёлғончи қилиши асло мумкин эмас. Чунки бу унинг дўстлигига путур етказиб, ўртага адоват тушишига сабаб бўлади. Юқорида ўтган ҳадис бунга далолат қилади.
22. Биродарга хиёнат қилмаслик. Яъни, молини ноҳақ олиш билан бўлсин, обрўсига путур етказиш билан бўлсин, унга хиёнат қилмаслик ва унинг сирини фош қилмаслик. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас» (Анфол: 58). Мусулмоннинг сирини сақлаш ва уни ёйиб юбормаслик вожиб эканига далил бўлувчи ҳадислардан бири қуйидаги ҳадисдир: «Агар киши бир гапни айтиб, сўнг уёқ-буёққа қараб қўйса, бу (сўзи) омонатдир» (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривоятлари). Биров эшитиб қолишидан хавф қилиб, қараб қўйишининг ўзи унинг сир эканига далил бўлиб, уни ёйиб юбориш хиёнат бўлади.
23. Биродарни эҳтиром қилиш, уни камситмаслик ёки уни ҳар қандай кўринишда аҳмоқ қилмаслик. 20 - одобда айтилган ҳадис бунга далил бўлади. Чунки бу унинг дилини оғритади. Аксинча, унга иззат-ҳурмат изҳор қилиш, фикрига қулоқ тутиш, устидан кулмаслик, айниқса бировлар олдида ҳурматини ўрнига қўйиш лозим.
24. Ўзингиз учун дуо қилганингизда биродарингизга ҳам ғойибона дуо қилишингиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бир мусулмон банда биродари ҳаққига ғойибона (нима деб бўлса ҳам) дуо қилса, фаришта: «Сенга ҳам шундай бўлсин» деб туради» (Муслим ривояти). Яна айтганлар: «Дўстнинг дўсти учун қилган ғойибона дуоси қайтарилмайди» (Баззор ривояти). Бу ҳақиқий дўстлик ва биродарлик аломатларидан. Чунки бунда риёкорлик ёки сохтакорликка ўрин йўқдир.
25. Шаръий сабабсиз биродари билан аразлашмаслик. Аразлашиш ҳалол эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмон кишига ўз биродарини уч кечадан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши, учрашсалар униси у ёққа юз ўгириб, буниси бу ёққа юз ўгириши ҳалол бўлмайди. Уларнинг энг яхшиси саломни аввал берганидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Аразлашиб гаплашмаслик қанча чўзилса, ҳаромлик шунча зиёда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимки биродарини бир йил гаплашмай тарк қилса, худди унинг қонини тўккан каби бўлади» (Аҳмад, Абу Довуд ривоятлари). Аммо гаплашмаслиги ундан содир бўлаётган бирон маъсият ё у қилаётган бирон бидъат сабабли бўлса ва биродарининг унга гапирмай қўйиши таъсир қилиб, ўша ножўя ишидан қайтиши умид қилинса, шундай қилиниши яхши бўлади, аксинча, фасод ва гуноҳини зиёда қиладиган бўлса, унинг фойдасидан зарари каттароқ бўлади. Шунингдек, иймонидан воз кечганида ҳам уни гаплашмай ташлаб қўйилиш лозим, бироқ аввал унга яхшилаб насиҳат қилиш, қўлидан тутиб яхшилик ва тўғриликка қайтаришга уриниш керак.

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли.


Киритилган вақти: 23/03/2021 10:57;   Кўрилганлиги: 61
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/alloh-yolida-dostlashish-odob-va-huquqlari-3-qism
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 09:15