Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари. 2- қисм

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин

قال رسول الله ‎ﷺ: { مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍفَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ }  رواه مسلم

Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқнинг Умар ибн Хаттобга қилган васияти
Сиддиқнинг вафотидан сўнг Умар разияллоҳу анҳуга қайтадан байъат қилинмади, балки у ўша заҳоти мусулмонларнинг халифаси сифатида ўз вазифасини бажаришга киришди.
Умар разияллоҳу анҳу халифаликка умматнинг муҳим қарор қабул қилишга лаёқатли энг сара кишилари иттифоқи билан тайин бўлди. Ўшалар Абу Бакрга бир кишини халифаликка танлаш ваколатини бердилар ва уни бу иш учун ўзларидан вакил қилдилар. У аввал бир неча бор кенгаш ўтказиб, шундан кейингина халифа тайин қилди. Кейин бу қарорини халққа маълум қилиб, уларнинг қўлловини ва розилигини олди. Уммат ичидаги оқсоқоллар кенгаши ушбу умматнинг табиий вакилларидир. Демак, Умар разияллоҳу анҳунинг халифаликка тайин қилиниши шўронинг энг тўғри ва энг адолатли услубига кўра амалга ошгани маълум бўлди.
Абу Бакр Сиддиқнинг ўзидан кейинги халифани тайинлаш йўлида қўйган қадамлари гарчи илгари Абу Бакрнинг халифа қилинишидаги чора-тадбирлардан фарқли кечган эса-да, ҳар қандай ҳолда ҳам бу иш шўрога мувофиқ иш бўлди. Ҳоказо, Умар разияллоҳу анҳунинг халифалигига байъат шўро ва иттифоқ орқали амалга ошди.
Абу Бакр Сиддиқнинг Умар ибн Хаттобга қилган васияти
Сиддиқ ўз зиммасидаги масъулиятдан хориж бўлиш учун ва бор кучини сарфлаганидан кейин Рабби ҳузурига ҳар қандай жавобгарликдан холи бўлиб йўл олиш учун Форуқ билан ёлғиз қолиб, унга бир қанча васиятлар қилди. Унинг васиятида жумладан, шу сўзлар бор эди:
“Эй Умар, Аллоҳдан қўрқинг! Билингки, Аллоҳ учун кундузда қилинадиган амал борки, кечаси уни қабул қилмайди. Аллоҳ учун тунда қилинадиган амал борки, кундузи уни қабул қилмайди. Фарз ибодатлар адо этилмагунча нафл ибодатлар мақбул бўлмайди. Қиёмат куни кишининг тарозиси оғир келиши фақат бу дунёда ҳаққа эргашиши билан ҳосил бўлади. Тарозиси енгил келиши эса ботилга эргашиши туфайли бўлади. Аллоҳ таоло мўминларда рағбат пайдо бўлиши учун раҳмат оятини, қўрқув пайдо бўлиши учун азоб оятини зикр этди. Токи банда умид ва қўрқув ўртасида бўлсин, Аллоҳга нисбатан хом хаёлларга ҳам берилмасин, Унинг раҳматидан бутунлай умидсиз ҳам бўлмасин. Аллоҳ таоло жаннат аҳлини зикр қилар экан, уларни яхши амаллари билан зикр қилди ва ёмонликларидан кечди. Уларни эсга олганимда мен улар сафига қўшила олмасликдан қўрқаман. Аллоҳ таоло дўзах аҳлини зикр қилар экан, уларни ёмон ишлари билан тилга олди ва яхшиликларини рад қилди. Мен уларни эсга олганимда ўшалардан бўлиб қолмасликни орзу қиламан. Агар ушбу васиятимни ёдда тутсангиз, ғайб нарсалар ичида сиз учун ўлимдан суюклироғи бўлмайди. Ҳолбуки, ўлимдан қочиб қутулиб бўлмайди. Агар бу васиятимни зое қилсангиз, ғайб нарсалар ичида ҳеч нарса сиз учун ўлимдан кўра манфурроқ бўлмайди. Ҳолбуки, ўлим муқаррар, ундан қочиб қутилиш имконсиз”

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли.


Киритилган вақти: 23/03/2021 10:27;   Кўрилганлиги: 68
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/alloh-yolida-dostlashish-odob-va-huquqlari-2-qism
Чоп этилган вақт: 02/12/2021 20:30