Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Таълим-тарбия

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари

 
 

بِسْــــــــــــــــــــــمِ ﷲِالرَّحْمَنِ الرَّحِيم.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин

قال رسول الله ‎ﷺ: { مَنْ دَل عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ } رواه مسلم

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари

6. Биродари акса урса унга ташмит айтиш.
Яъни, чучкириб: «Алҳамду лиллаҳ» деса, юқоридаги ҳадисда айтилганидек, унга «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб айтади. Бунга жавобан чучкирган киши «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу болакум» дейди.
7. Бемор бўлганида бориб кўриш. Бу унинг кўнглини кўтарадиган ва биродари учун унинг эътиборли эканини ҳис қилдирадиган, дўстлик ришталарини мустаҳкамлайдиган, беморнинг руҳиятига яхши таъсир қиладиган ишдир. Бироқ, бундай пайтларда касал кўриш одобларига риоя қилиш зарур.
8. Дўстнинг чорловини қабул қилиш. Яъни, дўстингиз сизни бирон таомга чақирса, ақиқа бўлсин, валима бўлсин ё оддий зиёфат бўлсин, унинг чақириғини қабул қилишингиз лозим. Юқоридаги ҳадисда бу ҳақда ҳам сўз ўтди. Бироқ, агар бу зиёфатда сиз ўзгартиришга қодир бўлмайдиган бирон ҳаром ёки мункар иш бўлса, унга бориш жоиз эмас.
9. Дўстга насиҳат қилиш. Яъни, насиҳат талаб биродарга фойдали бўлган холис насиҳат билан насиҳат қилишингиз, бу эса у учун дини ва дунёсида яхшилик бўлган нарсаларни гапириш билан бўлади. Бу юқоридаги ҳадисда айтилганидек, сизнинг зиммангиздаги унинг ҳаққидир. Насиҳат қилишда аччиқ бўлсада ҳақни айтиш, ёлғон сўзламаслик, алдамаслик лозим. Чунки бу унга нисбатан хиёнат бўлади.
10. Дўстнинг ҳадясини қабул қилиш, арзимас ва оз нарса бўлса-да, қўлини қайтармаслик. Зеро, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Чорлаган одамнинг чақириғини қабул қилинглар ва ҳадяни қайтарманглар» (Аҳмад, Табароний, Байҳақий, Бухорий («ал-Адаб ал-Муфрад»да) ривоятлари). Дўстнинг ҳадясини рад этиш кўпинча шайтонга ўртадаги дўстлик ришталарини узиб ташлаши учун имконият эшигини очиб беради.
11. Дўстга ҳадя бериш. Бу ишга беэътибор бўлмаслик, вақти-вақти билан, ҳар хил муносабатларда имконият даражасида дўст дўстига ҳадялар бериб туриши яхши бўлади. Зеро, бу дўстнинг муҳаббатини зиёда қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Бир-бирингизга ҳадя беринг, муҳаббатларингиз ортади» (Бухорий «ал-Адаб ул-Муфрад»да ривоят қилган).
12. Қайғусига шерик бўлиш. Яъни, дўст бошига мусибат етганда у билан теппа-тенг қайғуриш, ширин сўз билан далда бериш, керак бўлса моддий ёрдам кўрсатиш. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин мўминга нисбатан чор-атрофи бир-бирини маҳкам тутиб турган бино кабидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
13. Шодлигини баҳам кўриш. Яъни, дўстнинг хурсанд бўлганига хурсанд бўлиш, унинг шодлигига шерик бўлиш, бирон неъматга эришган бўлса унга ҳасад қилмаслик, аксинча барака тилаб дуо қилиш.

Самарқанд шаҳар "Руҳобод" жоме масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли.


Киритилган вақти: 23/03/2021 10:21;   Кўрилганлиги: 79
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/eductaion/alloh-yolida-dostlashish-odob-va-huquqlari
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 10:25