Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Долзарб мавзу

Рўза қандай ибодат?

 
 

Рўза дастлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин орадан бир ярим йил ўтгач яъни ҳижратнинг ўн саккизинчи ойи, шаъбон ойининг ўнинчи кунида, қибла Байтул мақдисдан Каъба тарафга ўзгарганидан кейинги ойда фарз қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Улардан иккитасини ўттиз кундан, колган еттитасини йигирма тўққиз кундан тутганлар.

Араб тилидаги «совм» (рўза) луғатда «ўзни тийиш деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса Рамазан ойида тонг отганидан то куёш ботгунча ният билан овқат емаслик, ичимлик ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик «рўза» дейилади. Рўза тутиш Ислом динининг беш рукни, беш асосидан биридир, Қуръон ва суннат билан собит бўлган. Аллоҳ таоло айтади:


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).

عن أبي عبد الرحمن عبد الله بن عمر بن الخطاب رضي الله عنهما قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول : ( بني الإسلام على خمس : شهادة أن لا إله إلا الله ، وأن محمدا رسول الله ، وإقام الصلاة ، وإيتاء الزكاة ، وحج البيت ، وصوم رمضان ) رواه البخاري ومسلم

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳ¬лик бериш, памозни тўкис адо этиш, закот .бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Рўза ақли расо, соғлиги яхши бўлган ҳар бир мусулмон эркакка ҳамда ҳайз ва нифосдан пок бўлган мусулмон аёлга фарз қилинган. Ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўза тутишмайди, кейин қолдирган кунларининг казосини тутиб беришади. Янги ойни кўриб, рузага ният қилиш Рамазон рўзасининг асосий шартларидандир. Рамазон ойида ношаръий амаллар қилмаслик, тилни ғийбат, ёлғон сўзлардан тийиш, ўзгага озор бермаслик, яхши хулқли ва раҳм-шафқатли бўлиш рўзанинг одобларидандир.
Аллоҳ таоло бандаларига карам ва меҳрибонлик кўрсатиш учун бу ойни бошқаларидан фарқли қилган. Бу ойда исёнкор шайтонлар жиловланади, дўзах эшиклари ёпилади, жаннат эшиклари очилади, гуноҳлар мағфират қилинади. Рамазон гуноҳлардан тийилиш, Аллоҳ қайтарган нарсалардан чинакамига, бутунлай қайтишни, синов дунёсининг машаққатларига сабр қилишни ўрганиш ойидир.
Рўза Аллоҳ таолога муҳаббат ва ихлос белгиси сифатида бажарилади, ҳаргиз соғлиқни тиклаш ва шунга ўхшаш бошка ниятларда эмас.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ «Мўминнинг қалқони» китобидан


Киритилган вақти: 14/04/2021 13:42;   Кўрилганлиги: 83
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/actual/roza-qanday-ibodat
Чоп этилган вақт: 04/12/2021 08:58