Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Долзарб мавзу

РАМАЗОНИЙ ҲИКМАТЛАР

 
 

Рамазон кечаларида нафсинг билан узоқ суҳбат қур. Қалбингнинг туб-тубига қадар сафар қил. У ердан ўз шахсингни қидириб топ. Сўнгра, йиллар давомида юз ўгириб, ёлғизлатиб қўйганинг учун ундан узр сўра.
Ҳазин хотираларингдан халос бўл. Орқангдан санчилган хиёнат зарбаларини ҳис этма. Мағлубиятларингни санама. Нафсингни алам зиндонига банди қилма. Танингни надомат қамчилари ила дарралама.

Ночор ҳолда ташлаб кетган, зое қилган, хиёнат ва жафо оғусини ичирган, ғийбатинг қилиб, гўштингни еган ҳатто, сени маънавий ўлдириб, ҳаётингни жаҳаннамга айлантирган яқинларингни кечириб юбор.
Қурбинг етганича аммора нафсга қарши тур. Жасадингдан олдин қалбингни ғусл қилдир. Қўлларингдан аввал тилингни покла. Нафсинг ва тилингнинг рўзангни барбод қилишга қаратилган барча ҳаракатларини чиппакка чиқар. Тутган рўзангдан оладиган насибанг фақат очлик ва чанқоқ бўлиб қолмасин.
Қачонлардир зулм ва ёмонлик қилганинг учун виждонингни ўзларига уй қилиб олган ва вақти-вақти билан уни бесаранжом айлаб, уйқунгни ўғирлайдиган инсонларга кечирим хати ёзиб қўй. Уларнинг ҳақларига дуода бўл. Яхшилик ва эҳсонлар қил. Токи, виждонинг уйини тарк этсинлар.

Қалбингдаги нафрат далаларини раҳмат ва меҳр-муҳаббат сувлари ила суғор. У ерга эзгулик ва эҳсон ниҳолларини эк. Яқинингга марҳамат кўрсат. Узоқдаги дўстингга эса маваддат айла.
Тун қўйнида икки ракъат бўлса ҳам таҳажжуд намозини ўқиб қўй. Намозинг видолашувчининг намозидек бўлсин.
Дуо қиларкансан, Аллоҳга бўлган эҳтиёжингни қалбан ҳис эт. Молу дунёинг ва обрў-эътиборингни хаёлан тарк қил. Бир зумга уларни унут. Кимсасиз саҳрода адашиб қолиб, Аллоҳга юкуниб, ёлбориб илтижо қилувчи чорасиз, музтар кимсадек дуо қил. Ёлбор. Илҳаҳ қил. Кўзингдан қайноқ ёшлар оқиз.
Сўнгра, дуоинг шак-шубҳасиз ижобат бўлишидан умид қилиб, Аллоҳнинг қўллови сени иҳота қилаётганини ҳис қилган ҳолда дарду аламларинг тугаб-битажагидан амин бўлиб, қалбингга инган сакинатни ҳис этиб, хушҳоллик билан ўрнингдан тур.
Раҳмат ойи чиқиб кетмасдан сафар учун зоди роҳила қил. Билки, энг яхши йўл озиғи тақводир.
Ҳар куни Раббинг китобини қўлга ол. Оятларига назар сол. Ўқи ва тафаккур қил. Хитобига қулоқ тут. Итобидан ибрат ол.

Қуръони карим қалбинг баҳори, кўзларинг нури, маҳзунлигинг давоси, кадарларинг сафоси бўлишини Аллоҳдан сўра. Уни қалбингга вобаста қил. Кўзларингга сур. У билан яша. Токи, Қиёматда шафоатчинг бўлсин.
Шуни билки, рамазон гўзал ифторликлару ҳашаматли саҳарликлар билан эмас балки, Қуръон тиловатидан, Раббинг ибодатидан, зикру тасбеҳидан, ва бандаларига қиладиган яхшиликларингдан оладиган насибанг қадар гўзал бўлур.


Киритилган вақти: 21/04/2021 12:53;   Кўрилганлиги: 91
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/actual/ramazoniy-hikmatlar
Чоп этилган вақт: 06/12/2021 22:52