Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Бош имом-хатиблиги w w w . s a v a d - u l - a z a m . u z

Долзарб мавзу

ҚУРЪОНИ КАРИМГА ҚАРШИЛИК ҚИЛМАНГ!

 
 

Ўтган асрнинг 50-йилларида шу мамлакатда бўлган воқеа.

Отахон болаларга диний сабоқ беряпти, деган чақув билан бир отахоннинг ишлари судга оширилади.

Судя отахонга болаларга диний сабоқ берганлари, бунга гувоҳлар борлигини айтади. Отахон гувоҳлар қаердалигини сўраганларида, иккита йигит ўзларини гувоҳ дея таништирадилар.

Отахон улардан "Менинг бола ўқитганимни кўрганмисизлар?" деб сўраганларида, йигитлар "Ҳа" деб жавоб беришади. Аслида кўришмаган бўлади.

Шундан сўнг отахонни бир неча йилга қамаш бўйича ҳукм чиқаришади.

Аммо анави икки йигит суд залидан ўзлари юриб чиқиб кета олмаган. Иккисининг ҳам кўзи кўрмай қолган.

*****

Мана бу воқеани бир устоз қори дада бир йигитга айтиб берганлар.

Уйимни босишди. Биттаси мени сўроқ қила бошлади.

— Исмингиз, фамилиянгиз? Нечта бола ўқитгансиз?

— Болам, ёшинг неччида?

— Нега сўраяпсиз?

— Сўрадим-да.

— 39 даман.

Хуллас, мени сўроқ қилган ўша йигит 40 ёшга кирмади.

*****

Бу икки воқеа Қуръони Каримга қаршилик қилганларнинг бу дунёдаги оқибатларидир. Охиратдагисини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

Ким бўлишингиздан, қайси вазирликда, қайси қўмитада, қайси идорада, қайси ташкилотда ишлашингиздан, қандай лавозимда эканингиздан қатъи назар Қуръони Каримга қарши гапиришдан, маҳаллалардан бирини Қуръони Карим ва унинг таълимига ихтисослаштирилишига қарши бўлишдан эҳтиёт бўлинг!

Халқимиз орасида Қуръони Каримни билувчилар кўпайиб боришидан асабингиз бузилишидан сақланинг!

Президент томонларидан Қуръони Каримга нисбатан хайрихоҳлик билдирилишидан қувонганларга нафрат кўзи билан қарашдан, илм аҳлларини ҳақорат қилишдан сақланинг!

Унутманглар, сизларнинг қитмирлигингиз, ақлсизлик, жоҳиллик билан қиладиган хатти-ҳаракатингизни ёзиб бораётган фаришталар бор. Тилингизга эрк берманг! Эрта қиёмат куни шу тилингиз билан бидирлай олмайсиз. У кунда тилингиз эмас, тана аъзоларингиз ўзингизга қарши гувоҳлик беради.

Ақлингизни йиғиб, тавба қилинг! Унутманг, ўлсангиз, фарзандларингиз саъаткорнинг олдига эмас, имом домланинг олдига чопади.

Жанозангизни ўқийдиган кишиларни ҳақорат қилманг!

Руҳингиз шод бўлиши учун ўқиладиган Қуръони Каримга қарши чиқманг!

Қуръони Карим нозил бўлганидан бери доим унга қарши чиққанлар бўлди. Хўш, улар Қуръони Каримнинг оҳорини тўка олдиларми?! Албатта, йўқ!

Ахир Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг Каломи-ку! У Зот Қуръони Каримни сақлашни Ўз зиммасига олган-ку! Ақлни ишлатинглар! Ожиз, нотавон қул Буюк Холиқнинг Каломига қарши чиқа олармиди?! Йўқ, албатта!

Эсингизни емаган бўлсангиз, вақтни ғанимат билинг, тезда тавба қилинг!

Бухорий, Термизий, Мотуридий, Нақшбанд каби зотларни тарбия қилган бу халқнинг кўплаб вакиллари собиқ иттифоқ даврида ҳам Динига амал қилиб, Қуръонини қўлидан қўймади. Аллоҳ таоло истиқлолни бериб, Динига амал қилишга эркинликларни ато этганда, Қуръонини қўлидан қўярмиди?! Асло қўймайди!

Кўзингларни очинглар! Охиратда қийин аҳволда қолишингларни унутманглар!

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон


Киритилган вақти: 08/02/2021 14:53;   Кўрилганлиги: 93
 
Материал манзили: https://www.savad-ul-azam.uz/articles/actual/quroni-karimga-qarshilik-qilmang
Чоп этилган вақт: 28/11/2021 05:04